Венесуэла Миллий сайлов кенгаши 28 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида мамлакатнинг амалдаги раҳбари Николас Мадуро ғалаба қозонганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters. Мухолифат ҳокимиятни сохтакорликликда айблаб, овоз бериш натижаларини тан олмади.

Мухолифат ҳукумат томонидан назорат қилинишини айтадиган сайлов органига кўра, Мадуро 51 фоиз овоз олган, бирлашган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес эса — 44 фоиз. Сайловчиларнинг 59 фоизи иштирок этди.

11 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган Мадуро унинг ғолиблиги тинчлик ва барқарорликнинг ғалабаси эканини, мамлакат сайлов тизими шаффофлигини таъкидлади.

«Натижаларни яшириб бўлмайди. Мамлакат тинч йўл билан ўзгаришларни танлади», — деб ёзди Эдмундо Гонсалес Х тармоғида.

Reuters`нинг таъкидлашича, сайлов олдидан ўтказилган сўровлар Гонсалеснинг Мадурога нисбатан катта устунлигини кўрсатганди. Американинг Edison Research компанияси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Гонсалес 65%, Мадуро эса 31% овоз олиши кутилганди. Маҳаллий Meganalisis Гонсалес учун 65% ва Мадуро учун 14% дан сал камроқ овозни прогноз қилганди.

Расмийлар сайловда иштирок этишига рухсат бермаган ва ўрнига Гонсалес қатнашган мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо армияга чақирув эълон қилди.

«Мен ҳарбийларга мурожаат қиламан. Венесуэла халқи ўз сўзини айтди: улар Мадурони хоҳламайди, — деб ёзди у Х`да. — Тарихнинг тўғри томонида туриш вақти келди. Сизда ҳозир буни қилиш имконияти бор».

Ҳарбийлар ҳар доим 61 ёшли Мадурони қўллаб-қувватлаб келган ва бу сайловлар олдидан юқори мартабали ҳарбий амалдорлар президентдан воз кечмоқчи экани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ эди, дея аниқлик киритади Reuters.

Мадуронинг ўзи овоз беришдан бир неча кун олдин агар у мағлуб бўлса, мамлакат «қонли жанг»га дучор бўлишидан огоҳлантирганди.

Аргентина, Чили, Гватемала, Уругвай, Перу ва Коста-Рика сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва кузатувчилар назорати остида овозларни шаффоф ҳисоблашни талаб қилди. АҚШ эълон қилинган натижалар «Венесуэла халқининг иродасини акс эттирмаслигидан жиддий хавотир» билдирди. Европа Иттифоқи халқ иродасини ҳурмат қилишга ва сайлов жараёнининг шаффофлигини таъминлашга чақирди.

Куба, Гондурас ва Боливия ҳукумати Мадуронинг ғалабасини тан олди ва уни қайта сайлангани билан табриклади.

  • Николас Мадуро яна олти йил муддатга кетма-кет учинчи марта президентлик лавозимини эгаллайди. У илк бор 2013 йилда президент этиб сайланганди. Мадуро раҳбарлигида Венесуэланинг иқтисодий аҳволи кескин тушиб кетди ва аҳолининг учдан бир қисми мамлакатни тарк этди. АҚШ, ЕИ ва бошқа бир қанча Ғарбий ва Лотин Америкаси давлатлари 2018 йилги президентлик сайловларидан сўнг Венесуэла ҳукуматига қарши санкциялар киритган.