Самарқанд шаҳрида Labo ҳайдовчиси велосипеддаги 9 ёшли болани уриб юборди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, воқеа 23 июль куни соат 14:00 атрофида шаҳарнинг «Саховат» МФЙ ҳудудидан ўтувчи ички йўлда содир бўлган. Ҳайдовчи йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиб келаётган вояга етмаган велосипедчини уриб юборган.

Оқибатда бола тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Олиб борилган муолажаларга қарамасдан у вафот этган.

«Бола велосипед билан бирдан олдимдан чиқиб қолди. Унинг келаётганини кўрмай қолдим. Ҳайдовчилар ва велосипедчилардан ҳушёр бўлишларини сўраб қолардим. Қилган ишимдан пушаймонман, иккинчи қайтарилмайди», — деди ҳайдовчи.

ИИБ ходимининг сўзларига кўра, йўл-транспорт ҳодисасига вояга етмаган велосипедчининг қаровсиз кўчага чиққани ва ҳайдовчининг эътиборсизлиги сабаб бўлган.

Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.