28 июль куни яқинда Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули лавозимига тайинланган Юсуп Кабулжанов Россиянинг Приморск ўлкаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Юрий Мелников ва ИИВнинг ҳудуд бўйича раҳбарияти билан учрашди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Приморск ўлкаси омбудсмани билан мулоқотда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик, шунингдек, мазкур ҳудудда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Консул Россия Ички ишлар вазирлигининг Приморск ўлкаси раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқароларининг Россияда бўлиши масалалари, фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан фикр алмашди.

Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида тегишли органларда тушунтириш ва профилактика ишларини олиб бориш, ҳуқуқбузарликларини олдини олиш учун ўзбекистонликлар ўртасида тарғибот тадбирларни мунтазам ўтказиш бўйича келишувга эришилди, дейилади хабарда.

Юсуп Кабулжанов дипломатия соҳасида 2009 йилдан буён ишлайди. 2009−2016 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати иккинчи котиби, биринчи котиби, вазирлик ҳузуридаги «Жаҳон» (ҳозирги «Дунё») ахборот агентлиги директори ўринбосари бўлиб ишлаган.

2016−2018 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги Маданий-гуманитар алоқалар бошқармаси бошлиғи, 2018−2021 йилларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги (Россия) бош консули сифатида фаолият юритган, сўнг 2023 йилгача вазирлик матбуот хизматини бошқарган.