Марказий банк 31 июлдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади.

АҚШ доллари курси уч савдо сессиясида қарийб 93 сўмга пасайиб, 12 541,04 сўмни ташкил қилди. Бу 12 мартдан бери минимал кўрсаткич (12 534,01 сўм). Йил бошидан буён миллий валюта атиги 1,6 фоизга девальвацияга учради (бутун 2023 йил давомида у 9,7 фоизни ташкил этган).

валюта курси, доллар, доллар курси, сўм

Сешанба куни тижорат банкларида доллар 12 480 сўмдан 12 570 сўмгача бўлган курсда қабул қилинди (фақат БРБ, «Туронбанк», «Микрокредитбанк» ва ЎМБда). Сотиш курси 12 600 сўмдан (Garant Bank, Apex Bank ва «Ўзсаноатқурилишбанк») 12 635 сўмгача ўзгарди.

Сўм курсининг мустаҳкамланиши жаҳонда пул ўтказмалари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсиши ва молиявий шароитларнинг юмшаши фонида рўй бермоқда.

2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 25 фоизга ошиб, 6,5 миллиард долларни ташкил этди (айрим қабул қилувчилар ўзлари олган долларларни сўмга айлантиради, бу эса миллий валютага талабни рағбатлантиради).

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бу мамлакатга валюта оқимининг сезиларли даражада ошишига олиб келганини ва валюта курсини барқарорлаштириш имконини берганини таъкидлади.

«Мазкур ижобий тенденцияларнинг давом этиши ҳисобига йил якунида тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг қисқариши кутилмоқда», — деди у 25 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Марказий банклар фоиз ставкаларини пасайтиради деган тахминлар фонида етакчи глобал молиявий шароит юмшай бошлади. Бу тадбиркорлар, жумладан, тижорат банкларининг ташқи ресурсларни жалб қилиш имкониятларини оширади. Яъни банклар ва хўжалик юритувчи субъектлар нисбатан «арзон» хорижий валютадаги кредитларни жалб қилиш имкониятига эга бўлади, уларнинг бир қисмини сўмга айлантириш мумкин, бу эса миллий валютани мустаҳкамлайди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсиши.Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсиши.

Бундан ташқари, МБ маълумотларига кўра, йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 5,3 миллиард долларгача ошган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,6 фоизга кўп.

Январь-июнь ойларида ташқи савдо айланмаси 8,5 фоизга ошиб, 31,8 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт 5,5 фоизга (23 фоиздан) — қарийб 13 миллиард долларга, олтинни ҳисобга олмаганда эса 10,9 фоизга (12,5 фоиздан), импорт ўсиши 10,6 фоизга (17 фоиздан) — 18,8 миллиард долларгача секинлашди. Шу билан бирга, салбий савдо баланси 4,7 миллиард доллардан 5,8 миллиард долларга ошди.

Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, валюта савдосининг пасайишига давлат компаниялари учун валюта операцияларини амалга ошириш тартиби устидан назорат, импорт жараёнининг мураккаблашиши ва биржадан ташқари валюта операцияларининг ўсиши сабаб бўлиши мумкин.

«Газета.uz»нинг банк тизимидаги манбаси валюта савдолари ҳажмининг пасайишига ушбу уч омил таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасдиқлади. Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, корхоналар ва жисмоний шахслардан чет эл валютасини етказиб бериш (валюта сотиш) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошган.

Доллар индекси жорий йил бошига нисбатан кучлилигича қолаётган бўлса-да, инфляция секинлашгани сабабли АҚШ Федерал резервининг фоиз ставкасини пасайтириш эҳтимоли ортиб бормоқда, бу эса долларни ўтган ойга нисбатан заифлаштирмоқда, деб таъкидлади МБ 25 июлдаги тақдимотида.