Жиззах вилоятида фуқаро Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг минтақавий вакилига алдов йўли билан Россияга ишлаш учун олиб кетилган синглисини Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилди, деб хабар қилди омбудсман матбуот хизмати.

Мурожаатчи 2024 йилнинг январь ойида синглиси Ф.С.ни фуқаро Д.О. алдов йўли билан Россияга олиб кетганини қайд этган. У қизни паспортини рўйхатга қўйиш важи билан олиб қўйиб, 5 ой давомида катта далада мажбурлаб ишлатган.

Сўнг синглиси Самара шаҳрига қочишга муваффақ бўлган, аммо ватанига қайтиб келишга имкон тополмаган.

Мазкур мурожаат дарҳол омбудсман назоратига олиниб, «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилоти Жиззах вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўрганилган.

Фуқаро Ф.С. 27 июль куни Ўзбекистонга қайтариб олиб келинган ва ҳозирда у оиласи бағрида, дейилади хабарда.