Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Knauf Gips Buxoro компаниясини бозорда устун мавқега эга компания сифатида тан олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.
Қўмита гипсокартон маҳсулотини ишлаб чиқариш ва сотиш бозорини таҳлил қилиб, компаниянинг улуши 40 фоиздан ошганини аниқлади.
Шундан келиб чиқиб, Knauf Gips Buxoro «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан устун мавқега эга деб топилди.
Knauf Gips Buxoro 2006 йил июль ойида ташкил этилган. Таъсисчилари Knauf International Gmbh (75%) ва Deg — Deutsche Investitions Und Entwicklungsgesellschaft MbH (DFI молиявий ривожланиш институти ва KfW Group немис банки шуъба корхонаси) ҳисобланади.
2023 йилнинг декабрь ойида Рақобат қўмитаси Yandex Gо`ни такси агрегаторлари бозорида 86,3 фоиз улуш билан Ўзбекистонда устун мавқе эга бўлган компаниялар рўйхатига киритганди. Ҳозирда ушбу реестрда 94 та компания мавжуд. Яқинда қўмита «Лукойл» шуъба корхонаси ва «Навоийазот»дан монопол маҳсулотларни сотиш тартибини бузгани сабабли асоссиз даромадларни ундириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Маълумот учун, устун мавқе — бу товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат. Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40 фоиз ёки ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолларда маҳсулот ёки молия бозоридаги устун мавқе тан олинади.
Ҳозирда устун мавқега эга бўлган компания маҳсулот ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилиши керак.
Реестрга киритилган корхоналар монополияга қарши юқори ёки монополистик паст нархлардан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича ҳаракатларини назорат қилиш мақсадида ҳар чоракда монополияга қарши органга ўзлари реестрга киритилган хизматлар турига қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этадилар.