Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси кўчаларда антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқларда стафилококк бактерияси бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Бугунги кунда музқаймоқ асосан сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Шу сабабли, доим совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади.

Агар иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, уни қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқ таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади, дейди мутахассислар.

Қўмитанинг қайт этишича, ҳозирда йўл-йўлакай рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиийки, музқаймоқ солинган идишлар музлатгич имкониятига эга эмас. Шу сабабли, ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли сақлаб беролмаслиги ҳам бор гап.

Охирги пайтларда ана шу маҳсулотлардан истеъмолчиларнинг заҳарланиш ҳолатлари юзага келмоқда. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас, дейилади хабарда.

Қўмита заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини ўтказган. Хусусан, маҳсулотлардан назорат таҳлили олинганда кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида сталифилококк бактерияси аниқланган. Кўп ҳолларда стафилококк иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин.

Кўчадан музқаймоқ олаётганда нималарга эътибор бериш керак?

Қайд этилишича, йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас.

Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур, дейилади хабарда.

Музқаймоқ асаб ва ошқозон-ичак фаолиятининг бир маромда кечишида фойдали, аммо бу маҳсулотни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш жуда зарурий омилдир. Аввало сут маҳсулотининг қаердан олиб келинган, ветеринария экспертизасидан ўтиб, маълумотномага эга бўлганми, шунингдек, эпидемиологик вазияти яхши сигирлардан олинганми — шуларга диққат қаратиш керак.

Қўмита музқаймоқ тайёрлаганда зарур технологик жараёнларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларини қатъий бажариш кераклигини ҳам эслатиб ўтди.

Аввалроқ қўмита йўл ёқасидаги чодирларда сотилаётган полиз маҳсулотлари ва меваларни сотиб олмасликка чақирганди. Қўмитага кўра, автомобил йўллари ёнидаги маҳсулотлар автотранспорт воситаларининг чиқиндиларидан токсик моддаларни ўзига ўзлаштиради. Бу эса соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.