Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 6-синфда ўқийдиган синглисига севишини айтган 9-синф болани «самосуд» қилган эркакка чора кўрилди, деб хабар беради болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Хабар берилганидек, 20-мактабнинг 9-синфида таълим оладиган 15 ёшли Б.С. шу мактабнинг 6-синфида ўқувчи қиз Қ.А.га севишини айтган. Сўнг қизнинг акаси А.Қ. ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни болани уйининг ички томонига олиб кириб, жароҳат етказган аниқланган. А.Қ. унинг таъзирини бериш мақсадида Б.С.нинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган

Дастлаб ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди. Орадан бир кун ўтиб, иш 105-модданинг 2-қисми «г», «м» (Ўта шафқатсизлик билан қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бандига қайта малакаланган.

Болалар омбудсманининг ёзишича, 29 июль куни жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани судида А.Қ. айбдор деб топилди ва унга 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.