Фарғона вилояти Бувайда туманида дарс вақтида рўмолини ечишни истамаган ўқувчи қизни калтаклаган мактаб директорига чора кўрилди, деб хабар берди болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Аввал хабар берганимиздек, ҳолат 17 май куни хорижий тилларга ихтисослашган давлат умумтаълим муассасасида содир бўлган. Н.М. (қиз бола, 2010 йилда туғилган) синфдош ўртоғи Х.Х. (ўғил бола) билан оғзаки тортишган, бироз вақт ўтганидан сўнг синфхонага мактаб директори Р.Қ. (аёл) кириб келган, алгебра ўқитувчиси унга ўқувчилар тортишганини айтган.

Мактаб директори қиздан синфдоши билан нима учун жанжаллашгани, мактабга нега диний либос — рўмол ўраб келганини сўраб, рўмолни ечишни айтган. Қиз унга гўёки гап қайтариб, рўмолини ечмаслигини айтгани учун директор қизни уриб, жароҳат етказган.

Сурайё Раҳмонованинг ёзишича, ҳолат юзасидан қўзғатилган маъмурий иш материаллари жиноят ишлари бўйича Бувайда тумани судида кўриб чиқилди. 27 май куни мактаб директори Р.Қ. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 52-моддаси 2-қисми (Енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан БҲМнинг 10 баробари (3,4 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.