Шоҳимардонга киришда жойлашган «Оқ-қия» божхона пункти энди туну кун ишлайди, деб хабар қилди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

26 июлидан бошлаб Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Фарғона» чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардонга кириш қисмида жойлашган «Оқ-қия» божхона пункти туну кун ишлаш режимига ўтказилди.

Қўмитанинг қайд этишича, бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 2024 йил 18 июль куни Тошкент шаҳридаги учрашувида эришилган келишувлар доирасида амалга ошган.

«Эндиликда Шоҳимардонга дам олгани бораётган фуқаролар ушбу божхона объектлари орқали исталган вақтда ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдилар. Умид қиламизки, ушбу янгилик мамлакатимизда ички ва ташқи туризмнинг ривожланишига ўзига хос туртки беради», — дейилади хабарда.