Туркия парламенти ҳайвонлар ҳуқуқлари фаолларининг норозилигига қарамай, қаровсиз итларни тутиш ва уларни бошпаналарга жойлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Мухолифат Конституциявий судга мурожаат қилишга ваъда берди, деб хабар бермоқда Reuters.

275 нафар депутат ҳужжатни ёқлаб, 224 нафари қарши овоз берди. Қонун ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси томонидан тайёрланган.

Агентликнинг қайд этишича, Туркияда тўрт миллионга яқин қаровсиз итлар мавжуд. Янги қоидаларга кўра, тажовузкор хулқ-атворга эга ёки касаллигини даволаб бўлмайдиган итлар эвтаназия қилинади. Қонунга қаршилар бу итлар эвтаназиясининг кўпайишига олиб келади, деб ҳисобламоқда.

«Қонун лойиҳаси конституцияга яққол зид ва яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилмайди», — деди Туркиянинг мухолифатдаги Халқ-республика партияси раҳбари Озгюр Озель. Унинг сўзларига кўра, шаҳар муниципалитетларида шунча кўп итни кўчадан олиб кетишга етарли маблағ йўқ.

«Биз кўпроқ бошпана қуриш, эмлаш, стерилизация қилиш ва „асраб олиш“ бўйича биздан талаб қилинадиганидан кўпроқ нарсани қиламиз, аммо бу юкни муниципалитетлар эга бўлган ваколатлар билан тўлиқ қондириш мумкин эмас», — дея қўшимча қилди у.

Қонунда келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 105 минг ит сиғимига эга 322 та ҳайвонлар бошпанаси мавжуд. Бу бошпанасиз ҳайвонлар сонини камайтириш учун зарур бўлган рақамдан анча кам, деб ёзди Reuters.

Қонун барча муниципалитетларни 2028 йил охиригача йиллик бюджетининг камида 0,3 фоизини ҳайвонларни реабилитация қилиш ва бошпаналарни қуриш ёки таъмирлаш учун сарфлашни талаб қилади. Вазифаларини бажармаган муниципалитет ходимлари 6 ойдан 2 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади, уй ҳайвонларини ташлаб кетганлар учун маъмурий жарима эса 2000 лирадан (60 доллар) 60 минг лирага (1800 доллар) оширилади, дея аниқлик киритди Anadolu.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Туркия шаҳарлари бўйлаб қонунга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Намойишчилар «Сиз уларни ўлдира олмайсиз» ва «Қонунни бекор қилинг» ёзувларини кўтарди.

Эндиликда қонунни имзолаши керак бўлган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳужжатни қўллаб-қувватлаб, мамлакатда «уйсиз итлар муаммоси» борлигини айтди, деб ёзди AP.

Расмийлар қонун итларнинг оммавий отилишига олиб келишини инкор этмоқда. Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч ўтган ҳафта қаровсиз ҳайвонларни «сабабсиз» ўлдирган ҳар бир киши жазоланишини айтди.