Сурхондарё вилояти Денов туманида Марказий Осиё чўл тошбақасига нос чектирган ҳуқуқбузарларга жарима белгиланди, деб хабар беради Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео юзасидан вилоят экология ва ички ишлар бошқармалари, шунингдек, Миллий гвардия ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида ушбу ҳолат Янгикуч маҳалласида яшовчи фуқаролар Ҳ.Н. ва М.Н. томонидан апрель ойида содир этилгани маълум бўлди. Ҳ. Н. ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасига жойлаш учун маҳалласидаги даштликдан тошбақани ушлаб, нос чектирган.

Ҳолат юзасидан икки нафар фуқаронинг ҳар бирига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) асосан БҲМнинг 3 баробари (1 миллион 20 минг сўм) миқдорида жарима белгиланди.

Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш қатъиян тақиқланганини эслатиб, бу қонунга биноан кескин жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлади.