Акико Фужии БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги янги доимий вакили этиб тайинланди, дея хабар қилмоқда БМТТДнинг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

Янги идора раҳбари БМТТДда 25 йилдан ортиқ тажрибага эга ва бутун дунёда турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Ўзбекистонга тайинланишидан олдин у Мальдив оролларидаги доимий вакил ҳамда Вьетнамда, Фижидаги кўп давлат идорасида (ўз ичига Фижи, Микронезия Федератив Давлатлари, Кирибати, Маршалл ороллари, Науру, Палау, Тонга, Тувалу ва Вануату давлатларини олади) ва Ямайкада доимий вакил ўринбосари бўлган. Унинг БМТТДдаги фаолияти Судан, Токио ва Покистонда ҳам муҳим лавозимларни ўзи ичига олади.

Акико Фужии етакчи раҳбар сифатида иқлим ўзгариши билан боғлиқ иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишда, инқирозли ва зиддиятли вазиятларда кенг кўламли гуманитар ёрдамни бошқаришда, барча учун адолатли ва барқарор инсон тараққиётига эришиш учун бошқарув тизимлари бўйича маслаҳат беришда фаол иштирок этган.

БМТТДдаги фаолиятидан олдин у тараққиёт ташкилотларида, жумладан, Венадаги (Австрия) БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Киото (Япония) шаҳридаги жамоатчиликни ривожлантириш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотларида ишлаган.

У Сассекс университетида (Буюк Британия) гендер ва ривожланиш, Киото университетида инсон ва атроф-муҳитни ўрганиш бўйича магистрлик даражасини олган.