Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Францияда бўлиб ўтаётган Олимпия ўйинларининг гуруҳ босқичидаги учинчи — сўнгги учрашувида Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнади. 30 июль куни Парижда бўлиб ўтган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Бош мураббий Тимур Кападзе иккинчи таркибни майдонга тушириб, Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев, Жасур Жалолиддинов ва дарвозабон Абдувоҳид Неъматовни захирада қолдирди.
Иккинчи бўлимнинг 51-дақиқасида доминиканликлар ҳисобни очди. Қанот ҳимоячиси Рафаэль Нуньес пеналтини аъло даражада бажарди.
58-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчи Алишер Одиловнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди.
Параллель ўйинда Миср терма жамоаси Испанияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва 7 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Испания 6 очко билан иккинчи ўринни қўлга киритди. Доминикан Республикаси 2 очкога эга чиқди, Ўзбекистон эса — 1.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси тарихда илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритганди. Дастлабки икки учрашувда Тимур Кападзе шогирдлари Испания (1:2) ва Миср (0:1) термаларига имкониятни бой бериб, турнирнинг чорак финалига чиқиш учун барча имкониятлардан маҳрум бўлганди.