31 июль куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст туманидаги маданият ва истирохат боғида аттрокциондан фуқаролар тушиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди.

Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳолат 30 июль куни содир бўлган. Аттракционни бошқариш давомида техник носозлик сабаб у дарахт шохига урилган.

Оқибатда 3 киши енгил тан жарохат олган. 1 нафар фуқаро оёқ сон суяги синиши билан тез ёрдам бўлимига олиб борилган.

«Беморларга тез ёрдам кўрсатилган ва ўша кунни ўзида барчаларига жавоб берилган. Айни дамда Реанимация бўлимида оғир аҳволда экан деб айтилган хабарлар асоссиз», — дейилади хабарда.

Cаноат хавфсизлиги қўмитасининг билдиришича, «Еттинчи осмон» номли мазкур аттракцион ўзбошимчалик билан ўрантилган. Қўмитага кўра, уни ишга тушириш учун аттракционлардан фойдаланиш бўйича рухсатнома аризаси билан мурожаат этилмаган ва рухсат берилмаган.

Ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.