«Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси яқин кунларда электр энергияси учун онлайн тўловларда узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Янги HET Billing дастурий мажмуаси ишга туширилиши муносабати билан 31 июль соат 23:50 дан 5 август 22:00 гача Маълумотларни қайта ишлаш марказида профилактика ишлари олиб борилади.

Мазкур вақтда шахсий ҳисоб рақамдаги маълумотларни олишда узилишлар ҳам бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу даврда «қулайлик яратиш» мақсадида қарзи бор истеъмолчилар автоматик равишда электр энергиясидан узилмайди, дея аниқлик киритди «ҲЭТ».

Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда аҳолига етказиб бериладиган электр энергиясини ҳисобга олишнинг янги биллинг тизими жорий этилиши ҳақида маълум қилганди. Тизимнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилиб, у орқали амалга оширилган тўловлар ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси миқдорини онлайн олиш мумкин бўлади.

Аслида янги биллинг тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш 2022−2023 йилларга режалаштирилган эди. «ҲЭТ» 2022 йилда бунинг учун 13 миллион доллар сарфлаган.

Ҳукуматнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда 2020 йил охиригача коммунал хизматлар учун ягона ҳисоб-китоб тизимини яратиш режалаштирилганди. 2021 йилда экспертлар ягона биллинг тизимини жорий этишдаги муаммоларни муҳокама қилган, бироқ у шу кунгача яратилмаган.