Японияда гуруч захиралари сайёҳлар оқими ва ҳосилнинг пастлиги туфайли сўнгги ўнйилликлардаги энг паст даражага тушди, деб ёзади The Guardian.

Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирлиги маълумотларига кўра, хусусий сектор гуруч захиралари июнь ойида 1,56 миллион тоннагача қисқарган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга кам. Бу 1999 йил, яъни расмийлар қиёсий маълумотларни йиғишни бошлаган пайтдан бери энг паст кўрсаткич.

Ташкилот пасайишни 2023 йилда гуруч майдонларига зарба берган юқори ҳарорат, сув танқислиги, шунингдек, мамлакатга келаётган сайёҳлар талаби билан боғлади.

Ўтган йил давомида Японияда гуруч истеъмоли етти миллион тоннагача ошди, бу аввалги йилга нисбатан 100 минг тоннага кўп. Худди шу даврда сайёҳлар сони ҳам ортди: 2024 йилнинг биринчи ярмида Японияга 17,78 миллион меҳмон ташриф буюрди, бу пандемиядан олдинги даврга нисбатан 1 миллион кишига кўп.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, кунига икки марта гуруч истеъмол қилган сайёҳлар талабнинг 51 минг тоннага ўсишига ҳисса қўшган, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,7 баробар кўп.

Танқислик шароитида гуруч нархи 30 йилдаги энг юқори даражага етди, дея қайд этади нашр. Улгуржи сотувчиларда захиралар тугамоқда, айрим супермаркетлар эса сотиб олиш ҳажмини чеклаш учун нархларни оширмоқда. Бу ҳолат сентябрь ойида бу йилги ҳосил бозорга тушгунга қадар давом этиши кутилмоқда.