31 июль куни Париж Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси яна 4 та спорт тури: камондан отиш, бокс, дзюдо, академик эшкак эшишда ўз кучини синаб кўради.

Соат 12:30 дан сўнг енгил вазнли академик эшкак эшувчилар Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев жуфтлиги «С» гуруҳида ўринлар учун баҳсга киришади. Улар аввалроқ саралаш босқичида ўз гуруҳида 5-бўлиб маррага етиб келганди. Маълумот учун, фақат кучли учликка кирган жуфтликларгина медаллар учун курашни давом эттиради.

13:00 дан сўнг дзюдочи Гулноза Матниёзова (-70 кг) 1/32 босқичда Шимолий Кореялик Мун Сонг Ҳуига қарши татамига чиқади.

Ундан сўнг Токио Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов (-90 кг) БАА вакили Григориан Арам билан беллашади. Ғолиб бўлган дзюдочи нимчорак финалга йўл олади.

париж 2024, спорт

париж 2024, спорт

Соат 14:00 дан кейин Ўзбекистон байроқдори, боксчи (-57 кг) Абдумалик Халоковни 1/16 финал баҳсида швециялик Иброҳим Небил билан жанг кутмоқда.

Кечки дастурларда эса яна бир боксчи Асадхўжа Муйдинхўжаев нимчорак финал баҳсларида мисрлик Элавади Омарга қарши рингга чиқади.

париж 2024, спорт

париж 2024, спорт

Шунингдек, чоршанба куни камондан отиш бўйича баҳсларда Амирхон Садиков аргентиналик Жажарабилла Марио Дамианга қарши ўйнайди. Беллашув соат 16:15 лардан сўнг бошланади. Эслатиб ўтамиз, 21 ёшли Амирхон 25 июль куни 1-саралашдаги иштирокида 72 уринишда 674 очко жамғарди ва 13-ўринни эгаллади. Унинг рақиби эса саралаш босқичида 643 очко билан 52-поғонада кетаётганди.

Саралашдан омадли ўтган яна бир мерган қиз Зиёдахон Абдусатторова эса соат 18:00 дан сўнг иштирокини бошлайди. У саралаш босқичида 649 очко тўплаб, 34-ўринни банд қилганди.