Париж Олимпиадасида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоа аъзоси, боксчи Ҳасанбой Дўсматов 1/16 босқичдаги илк жангидан муваффаққиятли ўтди. Спортчи 3 август куни чорак финалда қозоғистонлик Сакен Бибоссиновга қарши ўтадиган жангдан олдин ўз фикрларини айтиб ўтди. Бу ҳақда Sport TV`нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида видео жойланди.

Ҳасанбой Дўсматов қозоғистонлик рақиби билан таниш экани, у билан кўп марта рингда тўқнаш келганини айтди.

«Бир-биримиз билан [рингда] жуда кўп тушганмиз. Ким кучли, ким яхши тайёргарлик кўрган, ким ақллироқ бўлса, ўша ғалаба қозонади. Сакен билан танишмиз. Бўлажак жангни мураббийларимиз билан анализ қиламиз. Унга бошқатдан тактика қўямиз. Ҳаммаси рингда аниқ бўлади», — деди 31 ёшли Ҳасанбой Дўсматов.

Унинг айтишича, бу аввалги жанглардан фарқ қилиши ҳам мумкин. Чунки Сакен ҳозир яхши формада, мен ҳам, бу Ўзбекистон ва Қозоғистон учун жуда зўр жанг бўлади, дея қўшимча қилди спортчи.

Қозоғистон вакили Сакен Бибоссинов ҳозир 27 ёшда. У Токиода ўтган Олипия ўйинларида 52 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгаллаганди. Ҳасанбой Дўсматов эса 2016 йилги 31-ёзги олимпия ўйинларида энг енгил вазн тоифасидаги баҳсларда 1-ўринни қўлга киритган.