Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе 30 июль куни Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнаганидан сўнг, 2024 йилда Францияда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларидаги натижаларини сарҳисоб қилди.

«Биринчи навбатда бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларимиз ва халқимизга раҳмат айтаман. Жамоа ва ўзимнинг номимдан узр сўрайман. Биринчи ўйинда ҳам, иккинчи учрашувда ҳам томошабинларни хурсанд қилишга ҳаракат қилдик. Бугун ҳам ғалаба қозонишга ҳаракат қилдик, афсуски, насиб бўлмади. Қаердадир омад, қаердадир маҳорат, тажриба етишмади. Ўзига яраша қандайдир камчиликлар тўсқинлик қилди. Кейинги сафар ўйинимиз билан албатта хурсанд қиламиз», — деди мураббий.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ОТЖнинг Олимпиадага чиқиши катта ютуқ бўлган, бироқ жамоа турнирни қандайдир ютуқ билан тарк этишни хоҳлаган.

«Лекин, умуман олганда, келдик, ҳавосини кўрдик, тажриба йиғдик. Ҳар учала ўйинда камчиликлар ҳам кўзга ташланди, баъзи жойларда яхши лаҳзалар ҳам кузатилди. Биз бундан хулоса чиқариб, яна ҳам кучли бўламиз», — деди у.

Тимур Кападзе тайёргарлик билан боғлиқ ноқулайликларни ҳам айтиб ўтди. Жамоа биринчи ўйинини Парижда ўтказди ва кейин Нантга (Франция пойтахтидан деярли 400 км узоқликда) йўл олди ва учинчи ўйин учун яна Парижга қайтди.

«Биз биринчи учрашувни ўтказдик, эртаси куни тайёргарликнинг ўрнига йўлга чиқдик. Бир кун йўқотдик. У ерда ҳам қийин учрашув бўлди, ўзи бу ерда осон ўйин бўлмади. Миср билан ўйиннинг эртасига яна йўлга чиқдик — тикланиш ўрнига яна йўлда бўлдик», — деди мутахассис.

Бош мураббийнинг фикрича, «жамоа кўпроқ нарсага лойиқ эди».

«Биз бундан ҳам кўпига лойиқ эдик ва кучимиз етарди — буни учала ўйин ҳам кўрсатди. Қандайдир эпизодлар ҳал қилди, қаердадир ўзимизнинг хатолар ҳал қилди, қаердадир яхши имкониятлардан фойдалана олмадик. Эҳтимол, маҳорат, омад ёки тажриба етишмади. Бу турнир биз учун катта тажриба бўлди. Футболчилар, шахсан мен, мураббийлар штаби бу ўйинларни кўриб анча ўсди… Агар яна бунақа вазиятга тушсак, анча тажрибали ва қандай ҳаракат қилишни биладиган бўламиз», — дея хулоса қилди Тимур Кападзе.

Аббосбек Файзуллаев (чапда).Аббосбек Файзуллаев (чапда).

Ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев жамоани қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдирди.

«Бу жуда муҳим турнир эди, биз буни жуда кўп кутдик ва яхши тайёргарлик кўргандик. Қайсидир жойларда омад, қайсидир жойларда тажриба етишмади. Бундай ўйинларда ҳамма нарсани бир лаҳза ҳал қилади, шунинг учун 90 дақиқа давомида консентрацияни йўқотмай туриш керак», — деди у.

Унга кўра, катта ёшли футболчилар (Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқулов) U-23 терма жамоасига яхши қўшилиб кетди. «Аммо улар биз билан узоқ вақт бўлишмаган. 7−10 кунлик тайёргарлик… уларга ҳам қийин, уларни ҳам тушунса бўлади. Чунки бошқа тизимдаги футболдан кейин бу ерга мослашиш қийин, лекин улар ҳаракат қилишди. Барибир уларга тайёргарлик кўришга озгина вақт етишмади… Лекин ҳамма жонини берди, ҳеч ким бу ерга мағлуб бўлиш ва гуруҳда қолиш учун келмайди. Менимча, мухлислар ҳам буни тўғри тушунишади. Биз ўзбек футболи учун тарих яратдик, бурилиш ясадик. Мухлислар бизни бундан олдин ҳам қўллаб-қувватлашди, умид қиламанки, бундан кейин ҳам ҳақиқий мухлислар бизни қўллашда давом этадилар. Кейинги мақсад жаҳон чемпионатига чиқиш», — дейди футболчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «С» гуруҳида Испания (1:2) ҳамда Мисрга (0:1) мағлуб бўлди, Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнади (1:1) ва турнирни сўнгги ўринда якунлади.