31 июль, чоршанба куни Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари YouTube хизматининг ишлаши ёмонлашгани ва айрим видеолар секин юкланаётгани ҳақида хабар берди.

«Газета.uz» изоҳ учун боғланган Рақамли технологиялар вазирлиги (РТВ) матбуот хизмати YouTube «одатий режимда» ишлаётгани ва «унинг Ўзбекистонда ишлаши секинлашмаётганини» маълум қилди.

РТВ матбуот котиби Шерзод Ахматовнинг сўзларига кўра, шу кунларда Россия ОАВлари ёзаётган Россияда видеоҳостинг тезлигининг секинлашгани билан боғлиқ вазият «Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди».

«Агар бир мамлакатда YouTube секинлашса, магистрал тармоқ ўчирилган бўлса ҳам, бу Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир қилмайди. Бу бошқа онлайн хизматларга ҳам тегишли. Мамлакат бир давлатга боғланмаган ва интернетни бир нечта давлатдан сотиб олади», — деб тушунтирди РТВ матбуот хизмати раҳбари.

Шунингдек, у YouTube`га эгалик қилувчи Google`да кэшлаш серверлари мавжудлигига эътибор қаратди.

26 июль куни Россия Давлат думасининг ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Александр Хинштейн компаниянинг «ҳаракатсизлиги» туфайли YouTube`нинг юкланиш тезлиги 40 фоизгача пасайганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, хизматнинг россияликлар томоша қиладиган асосий мазмунининг тахминан 80 фоизи РФдаги Google серверларида сақланади. Улар доимий техник хизмат кўрсатишни талаб қилади, санкциялар туфайли компания бу ишни амалга оширмайди.

Хинштейннинг қўшимча қилишича, Google билан ҳамкорлик қилувчи Россия маълумотлар марказлари яқин кунларда компания билан «кулранг схемалар» бўйича ишлашни тўхтатиш ниятида. Бу YouTube`нинг юкланиш тезлиги 70 фоизгача пасайишига олиб келади, деди у.