Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 31 июлдаги кўрсатма хатига асосан, вазирлик тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларидаги хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши талаби 2025−2026 ўқув йилига қадар узайтирилди. Бу маълумотни вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади.

b2 сертификати, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, хорижий тил ўқитувчилари

Шунга мувофиқ, 2025−2026 ўқув йилига қадар камида B2 даражадаги сертификати бўлмаган, мактабларда амалда ишлаб турган хорижий тил ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинмайди.

Тегишли сертификатга эга бўлмаган ҳамда айни вақтда фаолият олиб бораётган хорижий тил ўқитувчилари томонидан белгиланган сертификатлар 2024−2025 ўқув йили якунига қадар олиниши вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ташкил этилади.

Аммо янги ишга кираётган чет тили ўқитувчиларидан бундай сертификатлар талаб қилинади, дея қўшимча қилди вазирлик.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги қарори билан, 2024−2025-ўқув йилигача мактаб, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги сертификатга эга бўлиши кераклиги белгиланганди. Ўшанда талабни бажара олмаганлар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ёки B2 сертификати мавжуд бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари ишга қабул қилинмаслиги қайд этилган.

Июль ойида вазирликнинг бошқарма бошлиғи Эркин Муродов «Дарё» нашрига берган интервьюсида бундай талаб қўйилишига сабаб сифатли таълимга эришиш эканини маълум қилган.

«Хорижий тилда дарс берувчи ўқитувчи чет тилини энг камида B2 — олий таълимни битирганда бакалаврга қўйилган даражада билиши керак. Бу хорижий тилларни ўргатишда сифатга эришиш учун қўйилган талаб ва мақсадлардан ҳисобланади», — деганди у.