Тўнғич қизини узатишидан аввал Ҳадия опанинг эшигини шоҳу гадо, танишу бегона тақиллатиб кела бошлаган. Оғиз солганлар орасида яқин қариндошлар ҳам бор эди. Аммо у ўзаро муносабатларга путур етиши, совуқчилик тушиши мумкинлигига кўзини чирт юмиб: «Қизимни бегонага бераман», дея туриб олган. Токи боласи бир вақтлар ўзи қилган хатони такрорлаб, умри хазон бўлмасин, бўлғуси набиралари хаста, ногирон туғилмасин.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларидан азият чеккан аёл тақдири ҳақида журналист Машҳура Насриддинова сўзлаб берди. Ҳикоя қаҳрамонлари исми ўзгартирилган.

Илк фарзанди туғилмаёқ нобуд бўлган, тўрт боласидан икки нафари ногиронлик билан дунёга келган, яна бир жигарбандининг саломатлигини югур-югур билан базўр тиклаган Ҳадия опа ва унинг турмуш ўртоғи Ғолиб амаки — Самарқанддаги «камдан-кам ҳолларда бегона билан қуда бўлувчи» чекка бир қишлоқнинг кўр-кўрона эргашиладиган «урф-одатлари» жабрдийдаси. Афсуски, аввалига қариндоши билан оила қуришга кўндирилиб, бунинг охири вой бўлгач, айбни қисматга ағдарувчи, «ҳаёт ўзи шундай бешафқат»лигига ишонтирувчилар дастидан кўп азият чеккан Ҳадия опа ва Ғолиб амакилар юртимизда кам эмас.

Гарчи Оила кодексининг 16-моддасида насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ­­қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланган бўлса-да, 2021 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда 1210 нафар қариндош бир-бири билан оила қурган. Улардан 529 нафари холавачча, 307 жуфт тоғавачча, 178 нафари амакивачча ва 196 нафар эр-хотин эса аммавачча. Бу борадаги энг юқори кўрсаткич Қашқадарё ва Сурхондарёда қайд этилган — биринчисида 371 та, иккинчисида эса 343 та қариндошлар никоҳи рўйхатга олинган.

Аслида қариндошлар ўртасидаги никоҳ мавзуси дунё учун ҳам, тарих учун ҳам янгилик эмас. Сайёрамизнинг 1 млрд аҳолиси қариндошлараро турмушни маъқул кўрувчи жамиятларда яшайди. Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Ғарбий Осиё мамлакатларида бундай никоҳлар анъанавий ҳисобланади. Ушбу ҳодисани илм-фанга улкан ҳисса қўшган закий, тарихий шахслар ҳаётида ҳам учратиш мумкин. Масалан, америкалик таниқли ёзувчи Эдгар Аллан По ва Нобель мукофоти соҳиби Алберт Эйнштейн, ҳатто «эволюция назариясининг отаси» сифатида эътироф этиладиган Чарльз Дарвин кабилар ҳам ўз холаваччаси, амакиваччаси ё тоғаваччаси билан оила қурган.

ЖССТ маълумотларига кўра, асосан ривожланган мамлакатларда қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сони камайган — бунга маълум маънода тақиқлар ҳам сабаб бўлган: Хитой, Тайвань, Корея, Филиппин каби давлатларда, шунингдек, АҚШнинг 24 та штатида ён шажара бўйича қариндошлар ўртасидаги никоҳга қонуний чеклов ўрнатилган. Айни вақтда, ривожланаётган мамлакатларда бу ҳолат ҳали ҳам нисбатан кўп учрайди: Яқин Шарқнинг айрим мамлакатлари, жумладан, Саудия Арабистонида яқин қариндошлар никоҳи 70 фоиздан ошиши мумкин, Ироқда 33 фоиз, қўшни Афғонистонда эса 30−40 фоизни ташкил этади. Бундай никоҳ оқибатида болаларнинг ўлик туғилиши ёки эрта ўлим ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани ортидан 2016 йили Тожикистонда ҳам яқин қариндошлар никоҳи тақиқланган.

Одамлар нега қариндоши билан қуда бўлишга интилади?

Ҳадия опа турмушга чиқаётган вақти жуда ёш, ота-онасининг айтганини қонун деб биларди. Келинойисига эса унинг ана шундай ғўрлиги, қолаверса ҳеч қаерда ўқимагани маъқул келган. «Бўлажак қайнона „бу қиз ҳали ёш, устига-устак ҳеч қаерда ўқимаган, бемалол йўлимга солиб оламан“, деб ўйлаган. Куёв ҳам ота-она доим ҳақ, фарзанд учун энг яхшисини улар билади, дея ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган», — дея тушунтиради Машҳура Насриддинова.

Шундай қилиб, шу вақтгача салкам туғишган ака-сингилдек бўлган 20 ёшли Ғолиб ва 18 яшар Ҳадия никоҳ билан эр-хотинга айланган… Бу каби ҳаётий кейслар таҳлил қилинганида, Ҳадия опаники каби яқин қариндошлар никоҳига одатда бошқа қариндошларнинг қистови сабаб бўлишини кўриш мумкин. Хусусан, Ўзбекистондаги қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг 58,1 фоизи бобо ва бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,1 фоизи эса тоға, хола ва аммалар ташаббуси билан тузилиши бунга тасдиқдир.

Бирор ишни бошлашдан аввал етти ўлчаб бир кесиш, кези келганда қатиқни ҳам пуфлаб ичиш лозимлигини уқтирувчи айрим катта ёшли кишилар қариндошлар никоҳи сабаб «оғиз куйиши» ҳолатлари кам эмаслигига қарамай, нега ҳали ҳануз яқин қариндошларининг бошини бир қилгиси келаверади? Ҳаётининг 20 йилини «Ўзбек оила-никоҳ муносабатлари» ва «Ўзбек анъаналарининг ижтимоий ва этник психологияси» номли тадқиқотларга бағишлаган этнопсихолог, психология фанлари доктори Зиёдахон Расулованинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳ этнорегионал хусусиятга эга бўлиб, уруғчилик яхши сақланиб қолган ҳамда анъанавийликка кучли риоя қилувчи ҳудудларда кенг тарқалган.

«Азалдан катта оила бўлиб яшовчи ўзбекларда томорқа, хўжаликда ишчи кучи керак бўлгани учун ҳам уруғ-аймоқчиликка эҳтиёж сезилган. Ишчи кучи ўз оила аъзоларингдан бири бўлиши муҳим ҳисобланган. Серфарзандлиликнинг болали бўлишдан сақланишни билмаслик, кўпроқ туғса, бирортаси тирик қолишига умид қилиш каби омиллари ҳам бўлган, аммо, алоҳида қайд этиш керакки, ишчи кучига бўлган эҳтиёж — айниқса томорқаси, хўжалиги бор жойларда — кўп фарзанд кўришнинг асосий сабабларидан бири. Кўп болалиликни фақат меҳрибончилик ёки ўзбекларнинг болажонлиги билан боғлаш — бу стереотип», — дейди у.

Психологнинг айтишича, насл-насаб, хусусан, қариндош-уруғчилик ва катта оиланинг ўзбеклар учун муҳимлигини илгаридан мавжуд бўлган патриархал муносабатлар билан изоҳлаш мумкин. Шу билан бирга, насл-насаб ҳақида гап кетганида фақат иқтисодий ва молиявий аҳвол, келиб чиқишнигина эмас, бошқа омилларни инобатга олиш керак.

«Масалан, Тошкентда хўжалар, беклар, саидлар ўз табақасидаги инсонлар билан қуда бўлишга интилгани учун ҳам эндогам (бир уруғ доирасидаги) никоҳ амал қилган. Лекин табақа деганда фақат кимдир паст ёки юқори насабдан экани, кимнидир менсиш-менсимасликни тушуниш керак эмас. Гап шундаки, маълум бир уруғ-аймоқнинг анъаналари, маданияти фарқли деб ҳисобланиб, уруғ аъзолари орасида шу фарқли хусусиятларни сақлаб қолиш керак, деган тушунча устуворлик қилган. Аммо ҳозир бу нарсалар айнан оила қуришда йўқолиб кетган, „бўлса — яхши, бўлмаса — бўлмас“ қабилида қаралади», — дейди у.

Фарғона водийси вилоятларида ёки Сирдарё вилояти каби ҳудудларда табақачилик, уруғ-аймоқчилик кучли эмас, аммо у ерда ҳам эндогам никоҳлар кузатилади. Расулованинг тушунтиришича, бу ушбу ҳудудлардаги анъанавийлик, жамоавийликка хос ментал хусусият билан боғлиқ.

«Уруғчилик йўқолиб кетса ҳам бунга анъана сифатида амал қилинишининг сабаби — жамият инсонлар хулқ-атворини маънавий этник меъёрлар ва қоидалар ёрдамида бошқаришга ҳаракат қилишида. Бунда инсон ақли билан эмас, стереотипик ҳаракат қилади — ҳамма қилаётгани, „шундай қилиш керак“ деб ҳисоблангани учунгина такрорлайди. Масалан, ҳамма ўтираётганда — нима бўлаётганини тушунмаса ҳам, бошқаларнинг ҳаракатини такрорлаб ўтириб олиш сингари. Қарорлар қабул қилинаётганда жамоа — оиланинг қизиқишлари, келажакдаги режалари инобатга олинади ва бу инсонларнинг бошқарилишга мойиллигини оширади. Яъни, бундай фикрловчи жамиятда онгли ёки онг остида „агар инсонлар бошқарилмаса, улар, эҳтимол, ёмон ишлар қилади“, деган тушунча ҳам бўлади», — дейди Зиёдахон Расулова.

Олимнинг таъкидлашича, жамоавийликка асосланган ментал хусусиятнинг асосий ғояси гуруҳ манфаатининг шахсникидан устун қўйилишида намоён бўлади. Гуруҳга аъзо бўлиш учун киши ўз «мен»идан кечиб, уни иккинчи даражага туширади. Умумий олганда, ижтимоий мослик шахсий устунликдан муҳимроқ бўлади. Шунга кўра, ижтимоий қабул қилиниш катта аҳамият касб этади — гуруҳга аъзо бўлиш, ажралиб қолмаслик муҳим. Ажралиб қолган киши, ўзини қабул қилинмай, қолиб кетган олақарғадек ҳис этади. Бундай фикрлайдиган жамиятда гуруҳ тартиб-қоидасига риоя қилиш психологик комфорт беради. Кўпинча ҳимоя механизми ишлайди, яъни, қулай бўлгани учун психика керакли информацияни кўрмай, ўзига маъқулини олади — мисол учун, бунинг зарарлигини билса-да, қариндошлар турмушини қўллаб-қувватлаш — бунга мисолдир.

«Мен ўтказган тадқиқот ўзбеклар ментал хусусиятида анъанавийлик, жамоадан чиқиб кетолмаслик борлигини кўрсатди. Ҳамма қилган, синалган усулни такрорлаш қулай, ўйлаб ўтиришга ҳожат йўқ, шуниси хавфсиз, „одамлар қилади-ку, улар ҳам аҳмоқ эмасдир“, деб бошқаларга эргашилади. „Нотаниш келин/куёв қанақалигини Худо билади — гиёҳванд, пиёниста бўлса-чи“, деб шубҳаланади. Қариндошининг қизини эса „кўз олдимда ўсган, қандайлигини биламан, у ҳам бизни, маданиятимизни тушунади“, дейди. Қариндоши билан қуда бўлганларнинг оқловлари шундай қилмоқчи бўлган бошқаларга ҳам қўл келади. Чунки кўпчилик ўзини бошқалар ҳаётига боғлангандек ҳис этади. Шунинг учун ҳам жамоавийликка асосланган ўзбекларда қариндошчилик ришталари қаттиқ боғланган», — дейди мутахассис.

Зиёдахон Расулова ўтказган тадқиқот ҳақида

Тадқиқот доирасида Тошкент шаҳрининг 10 та туманидаги 55 та маҳаллада 355 та оила, шунингдек, таққослаш мақсадида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан жами 454 та оила ўрганилган, бунда жами 1618 киши қамраб олинган. Тадқиқот 2001−2014 йиллар давомида мунтазам равишда кузатув, сўров (оғзаки, ёзма, эркин, стандартлаштирилган), таржимаи ҳол, қисқа муддатли экспедиция усули орқали амалга оширилиб, 154 кишида тажриба-синов (эксперимент) ишлари олиб борилган. Тадқиқот доирасида 2007 йили Тошкентда 100 киши иштирокида ўтказилган сўровномада респодентларнинг 50 фоизи яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳга салбий муносабатдалиги, бундай турмуш наслий хасталикларга олиб келади, деб ҳисоблашини маълум қилган. 2014 йили 240 киши иштирок этган худди шундай сўровномада эса «муносабатим салбий, бу наслий хасталикларга олиб келади» деган жавобни берганлар улуши 55,8 фоизни ташкил этган. Эътиборга молик жиҳати, ҳар иккала (2007 ва 2014 йилги) сўровнома ҳам қариндошлар ўртасидаги никоҳга эркаклардан кўра аёллар хайрихоҳроқ эканини кўрсатган.

Этнопсихолог Зиёдахон Расулова сабаблар ҳақида мулоҳаза юритаркан, стереотипик қарашлардан воз кечиш учун таълимнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. «Қишлоқларда ҳали ҳам қариндошлар орасида оила қуриш худди эрта никоҳлар сингари кўплигининг бошқа сабаблари — биқиқлик, ёпиқлик, узилиш кучлилигида. Фикр ва тушунчаларни, инсон руҳиятини эса сифатли ва яхши таълим билангина ўзгартириш мумкин», — деб ҳисоблайди у.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳ нимаси билан хавфли?

Ҳадиянинг биринчи ҳомиласи нобуд бўлгач, шифокорлар унга репродуктив саломатлик учун муайян вақт болали бўлишдан сақланиши, организм ўзини тиклаб олишига эҳтиёж борлигини уқтирган. Лекин у бунга қулоқ солмай, дарров ҳомиладор бўлган. Кейин яна, яна ва яна. У шу тариқа оиласини сақлаб қолмоқчи бўлган, йўқса ўртага тушган қариндошлар уларни ажратиб юборган бўларди — Ҳадия эса «қайтган» қиз бўлишни истамасди.

Ҳадия опанинг ҳозир узатилиб кетган қизи ҳам аслида касалманд туғилган — шифокорлар дастлаб унинг узоқ яшамаслигини айтганди; ҳозир ҳам онда-сонда ножўя ҳолатлар кузатилади, лекин аҳволи умумий ёмон эмас. Иккинчи қизни даволатишнинг эса иложи йўқ.

«Гапиролмайди, юришида ҳам бироз нуқсони бор, — дейди журналист Машҳура Насриддинова. — Бўйи етиб, ўзидан ўзи кўчага чиқиб кетадиган одат чиқаргач, имконияти чекланганлар мактабига беришга мажбур бўлишди. Опанинг икки ўғлидан бири ҳам ногирон, ёши 12 ларда эди. Гапирса тушунмайди, ўзи ҳам гапиролмайди. Гавдасини тик тутолмасди, ҳозир аҳволи бироз яхши. Лекин ўзини ёлғиз қолдириб бўлмайди — унга доимий қаровчи керак, бир сафар ёлғиз қолиб, уйини ёқиб юборишига сал қолган».

Ҳадия опанинг фарзандлари аҳволини тушунишга «аномал ривожланишга эга ҳар учинчи бола яқин қариндошлар турмушидан дунёга келгани» ҳақидаги маълумот яхши асос бўлади. Community Genetics журналида чоп этилган тадқиқотда яқин қариндошлар никоҳидан болаларнинг туғма аномалия билан дунёга келиш эҳтимоли бир-бирига бегона жуфтликлардан туғиладиган болалардан 2−2,5 карра кўплиги, Medical Genetics журналида эълон қилинган мақолада эса яқин қариндошлар никоҳидан болаларнинг аутосом рецессив (генетик) хасталиклар билан туғилиш хавфи 2−3 баравар юқори эканлиги айтилади.

Нега қариндошлар ўртасидаги никоҳда фарзандларнинг касаллик билан туғилиши эҳтимоли юқори? Ўзбекистон Миллий университетидаги Биология факультетининг Генетика кафедраси мудири, профессор Сайфулла Бобоев бунинг моҳиятини англаш учун дастлаб ген ўзи нималиги тушуниб олиш керак, деб ҳисоблайди.

«Одамга хос белги-хусусиятларни авлоддан-авлодга узатилишини таъминловчи моддий асос ҳисобланган ген хромосоманинг муайян фрагменти сифатида нуклеотидлар (ДНК) кетма-кетлигидан ташкил топган бўлиб, бир молекула оқсил тўғрисидаги ахборотни ўзида сақлайди. Ирсий ахборотни ўзида сақловчи моддий асос ёки белги-хусусиятлар, аввало гаметогенез (тухум ва уруғ хужайраларнинг хосил бўлиши), сўнг уруғланиш жараёнларида ота-она томонидан янги наслга тенг тақсимланади. Келгуси онтогенез жараёнида бу белги ва хусусиятлар ўзини намоён қилади. Белгиларнинг наслга берилишида доминант ёки рецессив ирсийланиш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, одам сочининг қора ёки жингалак бўлиши, кўз рангининг қора бўлиши, лабнинг қалинлиги, туғма катаракта, паст бўйлилик, кўп бармоқлилик кабилар доминант ҳолда ирсийланса, cочнинг оқ сариқ ва текис бўлиши, альбинизм, кўз рангининг ҳаворанг бўлиши, лабнинг юпқалиги, баланд бўйлилик кабилар рецессив ҳолда ирсийланади. Эволюцион ривожланиш жиҳатидан ҳар бир инсон — патологик белги доминант бўлса 50 фоиз, рецессив патологик белги бўлса 25 фоизга ташувчи бўлиши мумкин», — дейди профессор.

Унинг қўшимча қилишича, (ота томонидан) яқин қариндош бўлган эркак ва аёл оила қурадиган бўлса, хромосомаларнинг структуравий ўзгариши ва доминант ёки рецессив типдаги мутациялар натижасида юзага келувчи ирсий касалликларнинг частотаси (учрашувлари) она томонидан қариндошликка нисбатан юқори бўлади. Соннинг туғма чиқиши (сон суягининг бошчаси чаноқ суягининг чуқурчасидан чиқиб кетиши билан кузатиладиган туғма нуқсон — таҳр.), таянч харакатланиш ёки ақлий ривожланишдан ортда қолиш, эпилепсия, қуёнлаблик, маймоқлик, рахит, аллергик касалликлар ва иммунитетнинг заифлиги — шулар жумласидан. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар натижасида геном (хромосомалар сонининг ўзгариши) мутациялари, хромосомалар тузилишининг ўзгариши билан боғлиқ мутациялар, доминант ёки рецессив типдаги ген мутациялари содир бўлади.

Профессорнинг қайд этишича, қариндошлар оила қуриб, уларда яширин «касаллик» генлари учрашса, фарзанд ирсий касаллик билан туғилиши мумкин. Чунки бола ўз генларининг ярмини онадан, қолганини эса отасидан олади.

«Генетик жиҳатдан аждодлар қанча бир-бирига яқин бўлса, гомозиготалашиш (инбридинг) тезлашади ва носоғлом ёки бир-бирига ўхшаш фарзандлар эҳтимоли юқори бўлади. Аксинча, келин-куёвнинг келиб чиқиши қанча бир-биридан узоқ бўлса, гетерозиготалашиш тезлашиб (панмексия), улардан соғлом ва бақувват фарзандларнинг тўғилиш эҳтимоли юқори бўлади. Клайнфельтер, Патау, Эдвардс синдромлари (геном мутациялари), мушак дистрофияси, фенилкетонурия, алкоптонурия, галактозимия ва липидоз сингари ген касалликларнинг келиб чиқишига айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳлар сабаб бўлиши мумкин», — дейди Сайфулла Бобоев.

Тошкент Перинатал марказининг амалий-усулий ишлар бўйича директор муовини Жамолиддин Хўжааҳмедовнинг тушунтиришича, қариндош билан никоҳда битта гетерозиготали мутацияга учраган ген бу авлодда бўлмаса, кейингиларида бир-бири билан кўришади. У генлар бир-бирига қанчалик нотаниш бўлса, уларнинг метаболизми ҳам шунчалик яхши бўлади.

«Ҳар бир инсонда ўз аждодига хос генетик ўзгаришлар бўлади. Кимдадир юрак қон-томир касалликлари, бошқа бировда қон айланиши, баъзиларда эса ошқозоности бези хасталиклари ва шунга ўхшаш генетик ўзгаришлар бўлиши мумкин. Яъни, ўзини соғлом деб ўйлаганларда ҳам 2−2,5 фоиз генетик касалликка мойиллик бўлади. Тамоман бегона ёшлар оила қурса хавф частотаси 5 фоиз бўлса, қариндош йигит ва қиз турмуш қурган тақдирда бу хавф кўпроқ бўлади», — дейди у.

Шунингдек, ген икки томонлама касаллик ташувчи бўлса, бундай ота-онадан туғиладиган ҳар бир фарзанд хасталик билан туғилиши мумкин. Яъни, бир хил хромосомаларда бир-бирига боғлиқ бўлган ота-онанинг икковида бир хил мутант ген мавжуд бўлса, болалар катта эҳтимол билан турли ирсий касалликларга мойил бўлади.

«Дейлик, бизда кўп учрайдиган касаллик муковисцидоз (муковицидозни назорат қилиб турувчи трансмембран генининг мутацияга учраши билан содир бўладиган тизимли патология — таҳр.) — кистали фиброз бўлган қариндошлар оила қурганида, шу ген ташувчи ҳисобланиб, уларнинг иккаласидан ҳам хаста бола туғилаверади», — дейди у.

Сайфулла Бобоевнинг қўшимча қилишича, яқин қариндошлар никоҳи туфайли қуёнлаб, бўри танглайлик, хромосом касалликлар, темир моддасининг ошиб кетиши, ақлий ва жисмоний ўсишдаги жиддий оқсоқлик (хусусан, туғма ақли заифлик) каби 80 га яқин касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Нима қилмоқ керак?

Фаолияти давомида боласидаги муаммо туфайли пушаймон еган қариндош эр-хотинлар билан бир неча бор тўқнаш келган Жамолиддин Хўжааҳмедов одамлар мажбурликдан эмас, балки оқибатларни баҳолаган ҳолда иш тутиши лозимлиги, хусусан, турмуш қуришдан аввал генетик текширувдан ўтиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

«Ҳар бир хромосоманинг касаллик ташувчанлиги бор — уларни генетик текширувда аниқлаш мумкин. Соғлиқ суғуртаси амал қилувчи давлатлардаги тиббий таҳлиллар орасида генетик текширув ҳам бор. Оила қуриш бўсағасидаги ёшларнинг бу каби текширувлардан ўтиши, аниқланган муаммодан келиб чиқиб қарор қабул қилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли. Ўзи ва фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмаган инсон тўйга 5−10 минг доллар сарфлаш ўрнига турмуш қуришдан аввал генетик текширувдан ўтса, ирсият, соғлиқ билан боғлиқ бир қанча муаммоларнинг олди олинган бўларди. Акс ҳолда, муносабатлар қанчалик идеал, оилалар нақадар мос бўлмасин, бола генетик муаммо билан туғилса, ҳеч нима татимайди, кўзга кўринмайди», — дейди у.

Жамолиддин ака айтган текширув Ўзбекистонда бор. Бу никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарорида ҳам кўзда тутилган, кўзланган мақсад ҳам айнан «соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш». Лекин бу масаланинг бир, ҳатто икки «лекини» бор.

Қарорда: «Никоҳланувчи шахслар учун тиббий кўрик жараёнида генетик текширувларга зарурат бўлганда, уларнинг ўзаро келишуви асосида ушбу текширувлар пуллик асосда амалга оширилиши мумкин»лиги қайд этилган. Яъни, бу текширув, биринчидан — ихтиёрий, иккинчидан — пуллик. Ўз истаги билан, шунда ҳам соғайиш учун эмас, ўзида қандай генетик муаммо борлигини билиш учунгина камида 11 млн сўм сарфлашга тайёрлар ҳозирча кўп эмас.

Шу жиҳатдан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистонда ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилингани айни муддаодек кўринади. Қўмита иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги ён шажара бўйича қариндошлар — ака-ука ва опа-сингиллар, уларнинг болалари, ота ва онанинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг болалари ва бошқалар — ўртасидаги никоҳни тақиқлашни, фақат тиббий генетик текширувлари (ДНК тести) натижаси ижобий бўлган никоҳларга истисно тариқасида рухсат беришни таклиф қилмоқда.

Журналист Машҳура Насриддинова Ҳадия опанинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қиларкан, қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши — ҳеч ким уларни мажбурлаб фалончининг ўғли ё писмадончининг неварасига берухсат бериб юборолмаслигини англаши муҳимлиги, оила қуриш, фарзандли бўлиш шунчаки бозордан кийим танлаш эмаслигини тушуниш лозимлигини таъкидлайди.