Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2024 йил 1 июль ҳолатига кўра 37 миллион 134 минг 200 кишини ташкил этди. Йил бошидан буён доимий аҳоли сонининг ўсиши 334 минг кишидан ортиқни, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан эса 761,8 минг кишини ёки 2,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида келтириб ўтилди.

Биринчи яримйилликлардаги аҳолининг ўсиш кўрсатгичлари.Биринчи яримйилликлардаги аҳолининг ўсиш кўрсатгичлари.

Аҳолининг 18,7 миллиони эркак, 18,4 миллион нафари эса аёллардан иборат. Шаҳар аҳолиси 18,9 миллион кишидан ортиқ, қишлоқ аҳолиси 18,2 миллион кишини ташкил қилмоқда.

Аҳолининг ўртача ёши эркакларда 28,5 ёш, аёлларда 30 ёшни ташкил этмоқда. Аҳолининг ўртача ёши бу — аҳоли ёш таркибининг тахминий умумий тавсифи. У умумий аҳоли таркибидаги барча одамлар ёшларининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.

Жами аҳолининг 32 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 56,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда, 11,6 фоизи эса меҳнатга лаёқатли ёшдан катта.

Ёш гуруҳлари бўйича энг катта улушни 13,2 миллион киши билан 31−59 ёшдаги аҳоли ташкил этишда давом этмоқда. 14−30 ёшдагилар — 9,6 миллион, 5−13 ёшли болалар — 6,1 миллион, 4 ёшгача бўлган болалар — 4,3 миллион ва 60 ёш ва ундан катта аҳоли — 3,4 миллион кишини ташкил этмоқда.

Эркаклар орасида беш ёшгача бўлган болалар энг катта кўрсаткични — 2,3 миллион кишини, 60−64 ёшлилар эса энг ками — 657 минг кишини ташкил этди. Аёллар орасида ҳам энг катта кўрсаткич беш ёшгача бўлган қизлар бўлди — 2,1 миллион киши, энг кам аёллар сони 60−64 ёш гуруҳида қайд этилган — 736 минг киши.

Ҳисоботда туғилишда кутилаётган умр кўриш кўрсаткичи ҳам келтирилган. Туғилишда кутилаётган умр давомийлиги — туғилган (0 ёшдаги) инсонларнинг кутилаётган ўртача умр кўриш йиллари сони. Бунда ушбу кўрсаткич ҳисобланган йилдаги ёшлар бўйича ўлим даражаси сақланиб қолади деб ҳисобланади. Бу кўрсаткич 2023 йил охирида эркаклар учун 72,5 ёш, аёллар учун 76,9 ёшни ташкил этди. Бундан ташқари, агар шаҳар ва қишлоқда эркакларнинг умр кўриш давомийлиги деярли бир хил бўлса — мос равишда 72,6 ва 72,3 ёш, аёллар учун фарқ бир ярим йилни ташкил этди — шаҳарда 77,5 ва қишлоқда 76 ёш.

Ўзбекистонда аҳоли зичлиги ҳар квадрат километрга 82,7 нафар кишини ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 кишига кўп (2023 йил 1 июль ҳолатига 1 кв километрга 81 киши эди). Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори зичлиги Тошкент шаҳрида 6864,4 нафар, Андижон вилоятида 796,4 нафар, Фарғона вилоятида 606,3 нафарни ташкил этди. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида — 9,8 ва Қорақалпоғистон Республикасида — 12,1 кишини ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп доимий аҳоли Самарқанд вилоятида 4,25 миллион киши, Фарғона вилоятида 4,1 миллион киши, Қашқадарё вилоятида 3,6 миллион кишини ташкил қилди. Энг кам аҳоли Сирдарё вилоятида — 922,1 минг киши, Навоий вилоятида — 1,1 миллион киши ва Жиззах вилоятида — 1,5 миллион киши қайд этилди.

Ўзбекистонда сўнгги олти ойда қизлардан кўра кўпроқ ўғил болалар туғилган.Ўзбекистонда сўнгги олти ойда қизлардан кўра кўпроқ ўғил болалар туғилган.

Туғилиш

Январь июнь ойларида тирик туғилганлар сони 419,9 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 218,1 минг нафари ўғил, 201,8 минг нафари эса қиз бўлди. Туғилганлар сони шаҳарларда 212,3 минг кишига, қишлоқ жойларда 207,6 минг кишига етди.

2024 йилнинг январь-июнь ойларида қайд этилган туғилишларни чақалоқлар сони бўйича таҳлил этилганда, қуйидаги улушга эга бўлганлиги кузатилди: 1 нафар туғилганлар 97,7 фоизни, 2 нафар туғилганлар (эгизаклар) 2,2 фоизни, 3 нафар ва ундан ортиқ туғилганлар 0,1 фоизни ташкил этди.

Туғилган чақалоқлар отасининг ёши бўйича 9,9 фоиз чақалоқлар отасининг ёши 25 ёшгача, 82,9 фоизининг отаси 25−39 ёшларга ҳамда 7,2 фоиз чақалоқларнинг отаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган. Шунингдек, туғилган чақалоқлар онасининг ёши бўйича 37,4 фоиз чақалоқлар онасининг ёши 25 ёшгача, 61,3 фоизининг онаси 25−39 ёшларга ҳамда 1,3 фоиз чақалоқларнинг онаси 40 ёш ва ундан катта ёшдагилардан иборат бўлган.

Туғилганларни улуши кўп бўлган ҳудудлар қаторида Самарқанд вилояти (12 фоиз), Фарғона вилояти (11,2 фоиз), Қашқадарё вилояти (10,5 фоиз), Андижон вилояти (9,2 фоиз) ва Сурхондарё вилояти (9 фоиз) ўрин олди.

Туғилиш даражаси Сирдарё вилоятида (2,5 фоиз), Навоий вилоятида (2,9 фоиз), Жиззах вилоятида (4,4 фоиз), Хоразм вилоятида (4,5 фоиз) ва Қорақалпоғистонда (4,5 фоиз) нисбатан паст бўлди.

Ўлим

Январь-июнь ойларида вафот этганларнинг умумий сони 81,4 минг кишини, уларнинг 44,4 мингини эркаклар, 37 минг нафарини аёллар ташкил этди. Шаҳарларда худди шундай кўрсаткичлар 46 минг кишини, қишлоқ жойларда эса 35,4 минг кишини ташкил этди.

аҳоли, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, ўлим

Юқоридаги графикдан 2024 йилнинг биринчи ярмида ўлимлар сони ўтган тўққиз йилликнинг худди шу даврларига, жумладан, коронавирус пандемиясини ўз ичига олган 2020, 2021 ва 2022 йилларга нисбатан кўпроқ экани маълум бўлди. «Газета.uz» бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ сўради.

Олти ой давомида қайд этилган ўлим ҳолатининг 58,4 фоизи — қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи — ўсимталардан, 6,6 фоизи — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 5,3 фоизи — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,1 фоизи — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,1 фоизи — юқумли ва паразитар касалликлардан, 15,1 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

Ҳудудлар кесимида ўлимнинг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида — 5,2 промилле, Тошкент вилоятида — 5 промилле, энг паст кўрсаткич — 3,9 промилле Жиззах вилоятида қайд этилган.

Ўлим ҳолатларининг энг катта улуши Самарқандда — 10,9 фоиз, Фарғона — 10,4 фоиз вилоятларда, Тошкент шаҳрида — 9,7 фоиз, Андижонда — 9,3 фоиз ва Қашқадарёда — 9,1 фоиз вилоятларда қайд этилган.

Ўлимлар сонининг улуши нисбатан кам Сирдарё вилоятида 2,5 фоиз, Навоий вилоятида 2,8 фоиз, Жиззах вилоятида 3,6 фоиз, Хоразм вилоятида 5,2 фоиз ва Бухоро вилоятида эса 5,4 фоизни ташкил этган.

Никоҳлар

Рўйхатга олинган никоҳлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1200 тага камайган ҳолда 97,4 мингтани ташкил этди, шундан 50,1 мингтаси ёки 51,4 фоизи шаҳарларда, 47,3 мингтаси ёки 48,6 фоизи қишлоқларда рўйхатга олинган.

Никоҳда аёлларнинг ўртача ёши 22,9 ёш, эркакларнинг ўртача ёши 27,8 ёшни ташкил қилди.

Никоҳларнинг энг юқори фоизи Самарқанд вилоятида — 10,5 фоиз, Қашқадарё вилоятида — 10,1 фоиз, Фарғона вилоятида — 10 фоиз, Тошкент шаҳрида — 9,2 фоиз ва Сурхондарё вилоятида — 8,3 фоизни ташкил этди.

Никоҳлар сонининг нисбатан паст улуши Сирдарё вилоятида — 2,5 фоиз, Навоий вилоятида — 2,7 фоиз, Жиззах вилоятида — 3,6 фоиз, Бухоро вилоятида — 6 фоиз ва Қорақалпоғистонда — 6,6 фоизни ташкил этади.

Ажралишлар

Биринчи ярим йилликда ажралишлар сони 22,5 мингтани ташкил этди. Сўнгги тўрт йил ичида уларнинг ўртача сони сезиларли даражада ошди. Ажралишларнинг умумий сонидан 13,8 мингтаси шаҳарларда (61,6 фоиз), 8,6 мингтаси қишлоқ жойларда (38,4 фоиз) қайд этилган.

6 ойда фарзандсиз никоҳдан ажралишлар сони 10 479 тани, 1 нафар фарзанд билан никоҳдан ажралишлар сони 6616 тани, икки ва ундан ортиқ бола билан ажрашганлар 5372 тани ташкил этди. Ажрашган эркакларнинг ўртача ёши 37,1 ёшни, аёлларники 32,2 ёшни ташкил этди.

Никоҳдан ажралишларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида 13,1 фоизга, Андижон вилоятида 10,6 фоизга, Фарғона вилоятида 10,5 фоизга, Тошкент вилоятида 10,2 фоизга ва Самарқанд вилоятида 10,1 фоизга тенг бўлди.

Никоҳдан ажралишлар сонининг улуши нисбатан кам улуши Навоий вилоятида 2,6 фоиз, Сирдарё вилоятида 3,4 фоиз, Жиззах вилоятида 3,7 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида эса 4,0 фоиз ва Хоразм вилоятида 4,4 фоизни ташкил этган.

Миграция

аҳоли, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, ўлим

Олти ой давомида Ўзбекистонга 116,6 минг киши, жумладан, 50,7 минг эркак, 65,9 минг аёл келди. Шаҳарга келганлар сони 87 минг нафарга, қишлоқ жойларига 29,6 минг кишига етди.

Хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун келганларнинг энг катта улуши (уларнинг умумий сонига нисбатан фоизда) Россия Федерацияси (36,1 фоиз) ва Қозоғистон (24,1 фоиз) давлатларидан келганлар ҳиссасига тўғри келади. Келганларнинг 10,7 фоизи Тожикистондан, 7,2 фоизи Қирғизистондан, 2 фоизи Туркманистондан, 19,9 фоизи бошқа мамлакатлардан келганлар.

Ёш гуруҳлари бўйича: кўчиб келганларнинг 10,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшга тўлмаган, 81,7 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 7,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар.

Иммигрантларнинг энг катта улуши Тошкент шаҳри (38,2 фоиз), Тошкент вилояти (13,3 фоиз), Самарқанд вилояти (6,1 фоиз), Навоий вилояти (5,1 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (4,9 фоиз).

аҳоли, доимий аҳоли сони, миграция, никоҳ, ўлим

Ўзбекистонни олти ой давомида тарк этганлар сони 120,6 минг кишини, жумладан, 52,8 минг нафари эркаклар, 67,8 минг нафари аёлларни ташкил қилди. Шаҳардан чиқиб кетганлар 83,9 минг кишини, қишлоқ жойлардан кетганлар 36,7 минг кишини ташкил этди.

Ёш гуруҳлари бўйича: Кетганларнинг 11,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшга тўлмаган, 81 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 7,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталардир.

Ўзбекистондан хорижий давлатларга доимий яшаш учун кетаётганларнинг асосий улуши Қозоғистонга тўғри келади (81,5 фоиз). Ундан кейинги ўринларда Россия (15 фоиз), Қирғизистон (0,7 фоиз), Жанубий Корея (0,7 фоиз), Туркманистон (0,3 фоиз), бошқа давлатлар (1,8 фоиз).

Кўчиб кетганларнинг энг кўп улуши Тошкент шаҳрида 29,5 фоизга, Тошкент вилоятида 11,5 фоизга, Қашқадарё вилоятида 7,3 фоизга, Самарқанд вилоятида 6,7 фоизга ва Қорақалпоғистон Республикаси 6,0 фоизга тенг бўлган.

Кўчиб кетганлар сонининг улуши нисбатан кам Наманган вилоятида 2,2 фоиз, Сирдарё вилоятида 3,2 фоиз, Жиззах вилоятида 3,7 фоиз, Андижон вилоятида 3,7 фоиз ва Бухоро вилоятида эса 5,0 фоизни ташкил этган.