Афғонистонда ишлаб чиқарилган, анор шарбати қўшилган Royal номли газланган ичимлик сифат талабларига жавоб бермайди, деб хабар берди Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси (собиқ «Ўзстандарт» агентлиги).

Инспекция томонидан ўтказилган лаборатория текшируви ичимлик таркибидаги «E122 азорубин» бўёғининг миқдори ошиб кетганини кўрсатди, дейилади хабарда.

Шарбат маркировка бўйича «Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент«нинг 8, 36, 53 ва 58-бандлари талабларига номувофиқлиги аниқланган.

Хусусан, регламентнинг 36-бандига мувофиқ, таркибида ранг берувчилар (Е122 азорубин, Е104 сариқ хинолин, FCF E110 сариқ «қуёш ботиши», АС Е129 қизил мафтункор, 4R Е124 понсо ва Е102 тартразин) озиқ-овқат маҳсулотлари учун «Таркибида ранг берувчи (ранг берувчилар) мавжуд, улар болаларнинг фаоллигига ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин» деган огоҳлантирувчи ёзув ёзилиши керак.

Инспекциянинг қайд этишича, юқоридаги меъёрий ҳужжатларга риоя қилмаслик техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳисобланади.

Хабарда ичимликни савдодан олиб ташлаш бўйича қандай чоралар кўрилиши айтилмаган.

Яқинда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси Афғонистонда ишлаб чиқарилган Royal, Paradise, Mani, Pure ва ва «Олтин ҳаёт» ичимликларини текширган ва маркировкалаш талаблари бузилганини аниқлаганди: E122 азорубин бўёқ моддасининг таркиби, озуқавий қиймати кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддати тўғрисида огоҳлантирувчи ёзувнинг йўқлиги.

Қозоғистондаги савдо корхоналарига ушбу маҳсулотларни рухсатномасиз харид қилмаслик ҳақида огоҳлантирилган, бироқ ўша пайтда ичимликларни сотиш тақиқланмаганди.

Қирғизистонда июль ойининг бошида «Олтин ҳаёт» ичимлигида ҳам E122 азорубин бўёғи борлиги аниқланган. Чакана савдо тармоқлари раҳбарларига ушбу маҳсулотларни сотишни тақиқлаш тўғрисида буйруқ берилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қўмитаси июль ойи бошида Ўзбекистонга олиб кирилаётган Royal ва бошқа ичимликларнинг ҳар бир партияси лаборатория текширувидан ўтказилаётгани, натижада зарарли моддалар аниқланмагани ҳақида хабар берганди.

Бироқ қўмита маҳсулотлардан қайта намуналар олиб, назорат тартибида лаборатория текширувлари олиб боришни режа қилган.