Савдо марказидан алоҳида ажратилган 1400 квадрат метрдан зиёд майдонда ташкил этилган кўргазма бешта залдан иборат бўлиб, 6 мавзули ҳудудга ажратилган: «Жадидлар. Туркистонга мактублар», «Олмониядан мактублар», «Туркистон. Ҳурлик ва тараққиёт орзуси», «Қатағонлар» , «Тараққиёт йўлида» ва «Акс».

Нега айнан бу мавзу?

Кўргазма ташкилотчиси ҳисобланган Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бунгача Ван Гог, Густав Климт каби рассомлар ҳаёти ва ижодига бағишланган мультимедиявий кўргазмаларни уюштирганди. Жамғарма лойиҳалар менежери Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаевнинг таъкидлашича, жадидлар ҳақидаги ушбу кўргазма Ўзбекистондаги тарихий форматдаги мультимедиявий кўргазма ташкил қилишга илк уринишлардан биридир.

«Жадидлар деганда одатда мактабда ўқитиладиган, бошқа манбаларда ҳам исмлари кўп учрайдиган Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний кабиларни эслаймиз. Ваҳоланки, бу ҳаракат фақат улардан иборат эмасди. Айримлар тарихчилар жадидлар 12 нафар бўлган деса, бошқалари янги усул мактабида ўқиган ҳар бир талабани жадид деб ҳисоблайди. Бу йўналишда иш олиб бораётган олимларимиз ҳам кам. Мақсад — мавзуни чуқурроқ ўрганиш, оммага кўп ҳам таниш бўлмаган қаҳрамон жадидларни тушунарли ва қизиқарли тарзда кўрсатиш», — дея Суръатхўжаев кўргазма учун нега айнан шу мавзу танланганини тушунтирди.

Кўргазма устида юзлаб одамлар бир йилдан зиёд давомида ишлаган. Масалан, архив материалларини тўплашнинг ўзига ярим йилча вақт кетган.

«Кўргазма концепцияси анча аввал ишлаб чиқилган эди. Жадидлар ҳақида мана шундай кўргазма қиласан, мана сенга уч ой вақт деб, айтилмаган. Олимларга ҳам, кўргазма кураторларига ҳам, ҳаммасига — [бемалол] вақт берилган. Биргина кўргазма сценографи — тайёр контентни оммага қандай кўрсатишни ҳал қиладиган мутахассиснинг ўзи бу мавзуни уч ойдан кўпроқ ўрганди», — дейди жамғарма вакили.

Кўргазма учун хизмат қилган 500 дан зиёд материалнинг асосий манбаси давлат архивлари, халқаро архивлар ва шахсий коллекциялардир. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаевнинг коллекцияси, Германияга ўқишга кетган талабаларнинг авлодларидан олинган ашёлар ҳам жуда катта аҳамият касб этган.

«Улар йўқ бўлиб кетаётган манбалар эди. Ҳозир мониторларда кўриниб турган суратларнинг аксари кичкина-кичкина шаклда сақланиб қолган. Биз барини битталаб йиғиб, 4К форматда реставрация қилдик. Айрим ҳужжатлар ва суратлар йўқолиб кетган ёки эгаларининг уйлари ёниб кетишидан аввал суратга олиниб, сақланиб қолган. Дизайнерларимиз уларни ҳам аслидаги каби кўринишга келтиришга ҳаракат қилди. Мана шу кўргазмага тайёрланиш жараёнида кўплаб архивлар сақлаб қолинди ва рақамлаштирилди. Менимча, Ўзбекистонда архив иши бўйича ҳали бу қадар катта иш қилинмаган эди», — деди Суръатхўжаев.

Кўргазмада кўрсатиладиган ва ўқиладиган хатлар соҳа мутахассислари учун янгилик бўлмаслиги мумкин, чунки аксарияти шу вақтгача илмий ишларда, илмий-оммабоп китобларда чоп этилган.

«Айрим хатлар эски ўзбек ёзувида — уларни биз табдил қилмаганмиз. Бу бўйича тадқиқотчи олимлар, жумладан, Баҳром ака Ирзаевнинг китоблари бор. Биз турли тил ва алифбода ёзилган хатларни бир тил ва алифбо — ўзбек тили ва лотин алифбосида жамлаб, безаклаб, тайёрлаб, намойишга қўйдик», — дея тушунтирди Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаев.

Кўргазма

Ҳар бир залда мавзуга алоқадор хатларнинг овозли шаклда ўқилган талқини ҳар 10 дақиқада такроран ижро этилади. Мониторларда эса аксар хатларнинг матнлари овозга ҳамоҳанг тарзда пайдо бўлади, ўша даврга оид суратлар ва видеолар ҳам айланади.

«Мультимедиявий кўргазмаларнинг халқаро қабул қилинган формати бор. Бундай кўргазмада одамнинг кўзи қувнаши керак. Биз тарихни аввало ёшлар форматида, уларга тушунарли тилда тақдим этганмиз. Қолаверса, намойишда олимларнинг жадидлар ҳақидаги бирор фикри берилмаган. Ташрифчилар ўзлари хулоса қилишлари учун архивларни борича тақдим этдик», — дейди Суръатхўжаев.

Кўргазманинг «Жадидлар. Туркистонга мактублар» номли биринчи залига кирилганда 1917−1918 йиллардаги Туркистон муҳити ҳис қилинади. Бу ерда Туркистон зиёлиларининг юртни ривожлантириш йўлида бир-бирини уйғонишга, илм олиш, саноатни ривожлантириш, ўлка бойликларидан шу ўлка халқларининг ўзи фойдаланиши лозимлиги ҳақидаги мақолалари, мактублари овозли тарзда ҳикоя қилинади.

Иккинчи зал — «Олмониядан мактублар»да 1920−1930 йиллардаги Германия ва бу юртга ўқишга кетган талабаларнинг уйга — Туркистонга ёзган хатлари билан танишиш мумкин.

Учинчи зал — «Туркистон. Ҳурлик ва тараққиёт орзуси» деб номланган бўлиб, унга қоронғи туннелдан ўтилади. Бу гўёки поезд бўлиб, унда 1930−1940 йиллардаги Туркистонга «қайтасиз». Бу ерда кечаги талабалар ўз билимларини ватанда қўллай бошлаганликларига оид деталлар намойишга қўйилган.

«Биринчи залда маълумотлар кўп эмас — кўргазмага келганларни мавзуга аста-секин олиб кириш учун шундай ўйланган. Иккинчи залда эса чуқур ўйга толасиз. Учинчи зал энг кичкина бўлиб, уни ойналар билан катталаштиришга ҳаракат қилганмиз. Унда индустриал эффект орқали Туркистондаги ўзгаришларни кўрсатишга ҳаракат қилинган», — дейди жамғарма вакили.

Кейинги зал — «Қатағонлар». Киришда ёнаётган китоблар инсталляцияси кутиб олади. Бу Германиядан қайтиб, қатағонга учраган туркистонлик ёшларнинг ёндириб юборилган китобларига ишора. Залдаги ҳар бир экраннинг ўз йўлаги бор — уларга бир дақиқадан ортиқ қараб турган киши охири кўзгуда ўз аксини кўради. Бу ҳолат томошабинни ўша даврдаги одамлар ўрнига ўзини ҳам қўйиб кўришга ундайди.

«Учинчи залдаги саноатлаштиришдан чиқиб, тўртинчи залга ўтганда ташрифчи ўзини бошқача ҳис қилиши керак. Унда экранлар ҳам бошқача, матн ҳам йўқ. Бу зал — фақат кузатиш учун. Бу ерда киши ўйга толади», — деб тушунтиради Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаев.

Зал бурчагидаги айланиб турган рўйхатда қатағонда отиб ташланган 98 кишининг исм-шарифи ёзилган. Кўргазма ташкилотчиси вакилининг сўзларига кўра, рўйхатдан нафақат хорижга ўқишга кетганлар, балки уларни ўқишга юборганлар, бу ишга бироз бўлса-да ҳисса қўшганларни ҳам топиш мумкин — уларнинг аксарияти 1937−1938 йиллардаги «Катта террор» даврида отиб ташланган.

Сўнгги — «Акс» зали деворларида жадидларнинг суратлари чироқлар нури ва юлдузлар ёруғлиги билан уйғунлашади. Бу ерда ҳеч қандай матнли ёки аудио маълумотлар йўқ. Фақатгина паст овозда мусиқа қўйилган. Бу ерда кўргазма томошабини танишув охирида ўтириб ўйлаши, хулоса чиқариши учун мўлжалланган. Ҳисобсиз юлдузлар ва чироқларнинг ҳам ўз маъноси бор.

«Кўргазмада 73 талабанинг ҳаммасини ҳам кўрсатолмаганмиз. Чунки айримларининг суратлари ҳам сақланиб қолмаган ёки умуман бўлмаган. Фақат исм-фамилияси орқали танилган бўлиши мумкин. Бу ердаги юлдузча ва чироқчаларнинг ойналарга акси тушиши ҳисобига мингдан ортиқ „юлдуз“ ҳосил бўлган. Бу — қатағонга учраган ҳамманинг рамзи. Чироқлар бир маромда ўчиб-ёниб туради, лекин батамом ўчмайди. Бу уларнинг юлдузи ҳали-ҳамон сўнмаганига ишора», — дейди Суръатхўжаев.

Чиқиш жойида кўргазма меҳмонлари ўз хулосалари, ҳис-туйғулари, эҳтимол, жадидларга ўз мактубларини йўллашлари учун махсус бурчак ташкил қилинган. Таъкидлашларича, кўргазма очилган биргина 18 июлнинг ўзида 60 дан зиёд меҳмон хат ёзган.

Кўргазманинг кейинги тақдири қандай бўлади?

Салоҳиддинхўжа Суръатхўжаев ҳозирча бу ҳақда маълумот бера олмаслигини, чунки бу мавзу ва умуман бундай тадбир одамларга қанчалик маъқул келаётганини аввал ўрганиш, англаб олиш лозимлигини таъкидлади.

«Лекин бу мавзуни давом эттириш, айнан шу кўргазмани эса Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам олиб бориб кўрсатиш мақсадимиз бор. Ҳозир Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Бухорода очиладиган Жадидлар музейи лойиҳаси устида ҳам ишлаяпти. Шу музейда ҳам кўргазма мавзусига бағишланган алоҳида бўлим бўлиши кўзда тутилган», — деди у.

Tashkent City Mall’нинг иккинчи қаватида ташкил этилган «Жадидлар. Туркистонга мактублар» кўргазмаси 1 cентябргача ҳар куни соат 10:00 дан 22:00 гача очиқ бўлади. Кўргазмага кириш пуллик, нархлар қуйидагича:

  • душанба, сешанба, чоршанба кунлари — 40 000 сўм;

  • жума, шанба ва якшанба кунлари — 60 000 сўм;

  • пайшанба куни кириш бепул ва жонли навбат билан амалга оширилади;

  • мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенсионерлар чипта кассасида чипта сотиб олаётганда — 50 фоиз чегирма;

  • махсус мактаб ва интернатларнинг ўқувчилари, 10 ёшгача бўлган болалар учун кириш бепул.