Фарғона вилояти Данғара туманида автомашинасида 4 кишини босиб кетган шахсга суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

20 февраль куни фуқаро Ш. В. Cobalt автомашинаси бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги 4 нафар пиёдани уриб юборган ва ҳодиса жойидан яширинган. Жабрланувчилар эса вафот этган.

Суриштирувда 26 ёшли ҳайдовчининг шахси аниқланган ва у воқеа пайти маст ҳолатда бўлгани маълум бўлган. Унинг баданидан этил спирти ва кучли таъсир қилувчи «тропикамид» дори воситаси топилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳри судида Ш. В. айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. У Жиноят кодексининг 117-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш) ва 266-моддаси 3-қисми «а» бандида (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо манзил-колонияда ўталади. Шунингдек, 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.