1 август куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов президент топшириғига биноан вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ёқилғи-энергетика масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди ҳукумат раҳбари матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов «Газета.uz»га.

Унинг сўзларига кўра, йиғилишда «метан нархининг юқори чегарасини» бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди, эндиликда давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди.

Президент истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳукуматга бозор механизмларини жорий этиш билан бирга, газ нархининг асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берган.

«Давлатнинг нархларни тартибга солишга аралашуви рақобат муҳитининг бузилишига олиб келади. Шу сабабли нархларнинг юқори чегараси бўлмайди, нархларни бозор белгилайди. Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратурага нархларни барқарорлаштириш бўйича президент топшириғи берилди. Бу худди нон ва ғалла нархларини либераллаштириш мисолида бўлгани каби амалга оширилади», — деди Бекзод Ҳидоятов.

Бекзод Ҳидоятов.Бекзод Ҳидоятов.

Бош вазир матбуот котибининг айтишича, тадбиркорларга нарх белгилашда эркинлик бериш «хоҳлаган ишни қилиш имкониятини англатмайди». Тўртта сектор раҳбарлари нархларнинг сунъий равишда бир неча баробар оширилмаслигини таъминлайди.

Бундан ташқари, метан газ қуйиш шохобчалари сиқилган газ сарфини ҳисоблаш учун Uzinfocom тизимини ўрнатиши керак бўлади.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида газ қуйиш шохобчалари учун максимал нарх 3950 сўмдан белгилангани ҳақида маълумот тарқалган эди. Бекзод Ҳидоятов бу ҳақиқатга тўғри келмаслигини, ҳокимликларга бундай кўрсатма берилмаганини таъкидлади.

Тез орада Энергетика вазирлиги, Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратура томонидан соҳадаги ўзгаришлар ҳақида алоҳида матбуот анжуманлари ўтказилади.

Молиячи Отабек Бакиров аввалроқ метан нархининг юқори чегараси бекор қилинишини тўғри қарор деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, «нархларни давлат белгилаши, чиновникларнинг лимит тақсимлаши, график ўрнатиши, кимга газ бериш-бермасликни ҳал қилишларидан» иборат режимдан воз кечиш керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 август куни автомобиллар учун метаннинг май ойи охирида ўрнатилган бир кубометр учун 3750 сўм миқдоридаги энг баланд чакана нархи тугади.