1 август куни Ўзбекистонда май ойи охирида автомобиллар учун метаннинг бир кубометри учун 3750 сўм миқдорида белгиланган максимал чакана нархининг амал қилиш муддати тугади (1 июнгача нарх 3350 сўм эди).

Интернет фойдаланувчиларининг хабар беришича, айрим ёнилғи қуйиш шохобчаларида нархлар 3950−4250 сўмгача кўтарилган, ваҳоланки, айрим вилоятларда газ ҳамон 3750 сўмдан сотилмоқда.

Молия вазирлигининг «Дарё»га маълум қилишича, эндиликда тадбиркорлар ёнилғи нархини ўзлари белгилайди. Газ «заправка» эгаларидан бирининг «Газета.uz»га маълум қилишича, уларга «нархларни кўтармаслик ҳақида оғзаки кўрсатма» келиб тушган ва ҳужжат тақдим этиш ваъда қилинган.

«Газета.uz» Энергетика вазирлиги билан боғланди, бироқ улар нарх ошишига изоҳ бермади.

Ижтимоий тармоқларда пропан нархининг кўтарилгани ҳақида хабарлар ҳам бор. Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси (UzEx) маълумотларига кўра, суюлтирилган газ (пропан) нархи 1 июнь куни бир тонна учун 5,2 млн сўмни ташкил этган бўлса, 1 июлда бир тонна учун 6,02 млн сўмни ташкил қилган, 31 июлга келиб бу кўрсаткич 7 млн сўмга кўтарилган, яъни ойига 25 фоизга, икки ойга 44 фоизга ошган. Худди шу харажат январь ойи бошида, метан ёнилғи қуйиш шохобчаларининг ёпилиши ёки чекланиши туфайли нархлар кўтарилган эди.

Агар июль ойининг дастлабки икки ҳафтасида пропан 1200−1600 тонна оралиғида биржа савдоларига қўйилган бўлса, 15 июлдан бошлаб ҳажм 1000 тоннадан ошмади ва ҳатто 800 тоннадан пастга тушди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси товар-хом ашё биржалари орқали реализация қилиниши белгиланган суюлтирилган газ маҳсулотининг (пропан) қўйилиши ва сотилиши юзасидан тегишли ўрганишларни олиб бораётганини билдирди.