Тошкент метрополитенининг иккита бекатида — «Алишер Навоий» ва «Пахтакор»да янгиланган навигация элементлари ўрнатилди, дейилади лойиҳа ташаббускори бўлган TBC Bank ва Рayme пресс-релизида.

Ишлаб чиқиш транспорт тизимлари ва навигация ечимлари бўйича машҳур дизайнер, «Горбунов бюроси»нинг бадиий раҳбари Илья Бирман томонидан амалга оширилди. У бутун дунё бўйлаб транспорт схемалари, веб-сайтлар, иловалар ва жамоат жойларида навигация тизимларини ишлаб чиқади.

Янги тизим метрога кириш ва чиқишда рақамлашни жорий этиш йўлидаги биринчи қадамни қўйди, дейилади хабарда.

«Навигация янгиланиши тарихи Тошкент метрополитени йўловчилари ҳар куни дуч келадиган муаммоларни пайқашдан бошланган. Чиқиш ва ўтказмалар ҳақида аниқ маълумотлар йўқлиги сабабли кўпчилиги ўнлаб йиллар давомида янгиланмаган эски кўрсаткич ва схемалар самарасиз ва ноқулай бўлиб қолганди», — деди лойиҳа ташаббускорлари.

«Ер остида пайти қаерда эканингизни аниқлаб олиш осон эмас, шунинг учун маълумотлар навигация қилишга ёрдам бериши жуда муҳим. Навигация тизими ўзини самарали қоплайди: одамлар шаҳарни яхшироқ тушуна бошласа, жамоат транспортидан фойдаланиш эҳтимоли кўпаяди», — таъкидланади хабарда.

Метронинг янгиланган ва ягона схемасини яратиш ташаббусининг асосий мақсади — бекатлар архитектура муҳитини бузмайдиган, лекин йўловчилар учун навигацияни имкон қадар соддалаштирадиган интуитив тизим яратиш, дейилади релизда.

Хабарда таъкидланишича, ишни бошлашдан олдин янги схема қандай саволларга жавоб бериши кераклигини тушуниб олиш муҳим эди:

  • Кўчадан метрога кириш қаерда?
  • Бу қайси станция ва қайси йўналишда?
  • Ўтиш станциясига тўғри платформани қандай топиш мумкин?
  • Поезд платформанинг қайси томонидан келади?
  • Керакли тарафга чиқиш ёки бошқа йўлга ўтиш учун платформа бўйлаб қайси йўлдан бориш керак?
  • Қандай қилиб шаҳарнинг тўғри жойидан чиқиш мумкин?

Тошкент метрополитени учун ўзига хос график тил ишлаб чиқилган. «Элемент шакллари, ранглари, шрифтлари ва пиктограммаларини танлаш маданий ва эстетик хусусиятларга боғлиқ», — дейилади хабарда.

Рақамлаш. Янги тизим кириш ва чиқишларнинг аниқ рақамланиши, Тошкент архитектурасини ҳисобга олган ҳолда яратилган янгиланган схема ва белгилар, шунингдек, ҳар бир метро линияси учун ўзига хос ранг билан белгиланган янги ранг тизимини ўз ичига олади. Рақамлаш ориентацияни осонлаштиради: йўловчилар тезда тўғри чиқиш йўлини топишлари, учрашувларни белгилашлари ва қаерга боришни тушунишлари мумкин.

Рақамлаш бутун ўтиш узелини қамраб олади: масалан, Пахтакор — Алишер Навоий узелида чиқишлар рақамланиши 1 дан 7 гача бўлади. Чиқишлар шаҳар марказига (Амир Темур ҳайкали) қаратилганидан бошлаб соат йўналиши бўйича рақамланган.

Ранг тизими ва пиктограмма. Чизиқ нақшидан энг кичик белгигача бўлган барча элементларда битта ранг тизимидан фойдаланилади. Биринчи учта чизиқ одатий рангларни сақлаб қолди — қизил, кўк ва яшил, тўртинчи қатор эса олтин рангга эга бўлди. Пиктограммалар ва қатор рақамлари белгилари ўзбекларнинг анъанавий саккиз қиррали юлдузи ва пахта тасвирига ишора қилади.

Шрифт. Шрифтни танлашда бир нечта омиллар ҳисобга олинди: экспрессивлик, Тошкент шаҳрининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқлиги ва навигациядаги функционаллик. Шрифт ўқишга қулай бўлиши ва ўзбек тилидаги апострофларнинг тез-тез ишлатилишига мос бўлиши керак.

«Шаҳар ва метро навигацияси мураккаб ва қизиқарли иш. Бир томондан, белгилар ва диаграммаларнинг соф функционал вазифалари бор: одамлар чипталар кассаси қаердалигини, қайси поезд қаердалигини, қанча станция борлигини билишлари учун. Бошқа томондан, ҳиссий томон ҳам бор: ҳар кимга ўзини йўқолиб қолгандек ҳис қилиш ёқимсиз, айниқса ер остида, навигация ғамхўрлик, ўйчанлик ва тартиб туйғусини яратиши керак. Ва буларнинг барчасига қўшимча равишда, белгилар кўринишни бузмаслиги, бекатлар архитектураси билан баҳслашмаслиги, аксинча, уни безаши ва бойитиши муҳимдир. Ҳозир биз пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун бутун метро равшан ва қулай бўлиши учун керак бўлганда такомиллаштиришга тўлиқ тайёр ҳолда биринчи қадамни қўймоқдамиз», — деди Илья Бирман.

«Пойтахт метро навигациясининг янги ягона дизайни шаҳар бўйлаб кундалик саёҳатни яхшилашга қўшган ҳиссамиздир, чунки қулай ва тушунарли навигация шаҳар ҳаётининг муҳим қисми. Умид қиламизки, бу саёҳатни янада қулайроқ қилади», — изоҳ берди TBC Bank ва Payme`нинг маркетинг бўйича директори Нодира Шерматова.