Ташаббусли бюджет жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ча қўшимчалар киритиш тўғрисида Сенат кенгаши қарори қабул қилинди.

Қарор билан саралашдан ўтган лойиҳалар бўйича 7 кунлик тарғибот босқичи киритилди ва овоз бериш босқичи 20 кундан 10 кунга қисқартирилди. Тарғибот босқичи саралаш босқичи якунларидан сўнг ўтказилади Бунда ташаббускорлар лойиҳаларига овоз тўплаш учун ўз лойиҳаларини тарғиб қиладилар.

Тарғибот босқичи бошлангунга қадар келиб тушган барча лойиҳалар саралашдан ўтказилишига шахсан Ишчи комиссия масъул ҳисобланади. Тарғибот босқичи якунларига кўра Порталда овоз бериш ўтказилади.

Босқичларнинг давомийлигига ваколатли орган томонидан ҳар бир мавсумнинг ўзига хослигидан ҳамда технологик шартларни инобатга олган ҳолда аниқлик киритилиши мумкинлиги белгиланди.

Киритилган ўзгартиришга кўра, барча маҳаллалар учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида ташаббусли бюджет доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар (ташкилотлар) учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имконияти чекланади.

Шунингдек, ижтимоий соҳа ташкилотлари бино ва иншоотларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, унда ташаббусли бюджет жараёнида иштирок этиши рухсат этилган ташкилотлар рўйхати ваколатли орган томонидан ҳар мавсум бошида «Очиқ бюджет» ахборот порталида эълон қилиб борилади.

Лойиҳалар маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат органларининг биноларини, шунингдек, ушбу органлар балансида бўлган объектларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган ўлмаслиги кераклиги белгиланди.

Овоз бериш жараёни давомида фуқаролар томонидан лойиҳаларга мажбурий овоз тўплашга жалб этилиши юзасидан шикоятлар келиб тушса, ваколатли орган томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш юзасидан тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома юборилади.

Агар ҳолат ўз тасдиғини топса туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашларига мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш ёки ғолиблар рўйхатидан чиқариш ваколати берилади. Бунда, лойиҳа ғолиб лойиҳа сифатида аниқлангандан сўнг Кенгаш томонидан мажбурий равишда овоз тўплаган деб топилиб рад этилганда, рад этилган лойиҳага ажратилиши лозим бўлган маблағлар доирасида кейинги ўриндаги лойиҳа (лар) ғолиб деб эълон қилинади.

Ғолиб лойиҳалар аниқлангандан сўнг халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан кейинги ўринлардаги лойиҳаларни қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш ваколати берилади.

Бунда тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари Жамғармага маблағлар ўтказилганлиги ҳамда қўшимча ғолибларни аниқлаш юзасидан ваколатли органга овоз бериш жараёни якунланган кундан бошлаб 10 кун ичида мурожаат юбориши лозим.

Ишлар тўлиқ якунланган лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга топширилади.