2024 йил март ойида Асака тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлинмасининг собиқ ходими ва Асака тумани прокурори ўринбосари қурилиш фирмаси раҳбарига нисбатан қўлланилган «қамоқ» эҳтиёт чорасини ўзгартириб, тергов ҳаракатлари давомида аниқланган зарар суммасини қайта назорат-ўлчов тадбирлари ўтказиш орқали камайтириб бериш эвазига, айбланувчининг яқинларидан 15 минг АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга олингани ҳақида хабар бергандик.

Уларнинг иши Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судида кўриб чиқилди. «Газета.uz» суд ҳужжатини ўрганди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, судда Асака туман прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган С.Ҳ. жиноят содир қилмагани, судьядан оқлашни сўраб, кўрсатув берган.

Суд Асака тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлинмасининг собиқ ходими Ҳ.А. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора бериш) билан айбли деб топилиб, 6 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иш доирасида судланган собиқ Асака тумани прокурори ўринбосари С.Ҳ. ҳам Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилган. У 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.