Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида маст ҳолдаги ҳайдовчи 3 кишини уриб юборди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳодиса 14 июль куни соат 13:20 атрофида туманнинг Боғот маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 44 ёшли Ш.Қ. Боғот — Жарбоши автомобил йўлида маст ҳолатда Nexia машинасини бошқариб кетаётган бўлган. Шу пайтда ўзи билан бир йўналишда йўлнинг четки қисмида икки нафар вояга етмаган фарзандини миндирган ҳолда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган Ў.Қ.ни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида эркак ҳамда унинг 4 ёшли қизи ҳодиса жойида вафот этган. 7 ёшли иккинчи қизи эса тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган, дейилади хабарда.