Андижон вилояти Асака туманида онлайн савдо платформасида пул ютқазиб қўйган аёлнинг жасади сувдан топилди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Марҳуманинг онаси 17 июль куни вилоят ИИБга мурожаат қилган ва 1996 йилда туғилган қизи Х.М. шу куни уйдан чиқиб кетгани ва қайтмаганини билдирган.

Терговга қадар текширув давомида Х.М. овсинининг телефонидан фойдаланиб, Telegram орқали овозли хабар қолдиргани, унда онлайн савдода ютқазиб қўйгани ва шу сабабли ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтгани аниқланди.

«Сенинг айтганингни қилмай, 3 млн [сўм] пулни тикдим, Зариф акадан олиб, яна тикдим. Бўлмади барибир. Мени яна 11 млн пулга [қарзга] тиқиб қўйишди. Менинг унча пулни тикишга пулим йўқ. Энди охирги чора — бу дунёдан ўтиш. Мени кечиринглар», — дейилади овозли хабарда.

Қидирув натижасида аёлнинг жасади 5 кун ўтиб, 22 июлда тумандаги Асака ташламаси сойидан жароҳатларсиз топилди. Суд-тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасида унинг ўлимига юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши туфайли келиб чиққан механик асфикция сабаб қилиб кўрсатилган.

MY5 телеканалининг Markaziy Studiya ахборий дастурига сўз боришича, аёл тумандаги касалхоналардан бирида ҳамшира бўлиб ишлаб келган. Унинг 3 нафар фарзанди бўлган. Сўнгги йилларда эса 1,5 ёшли фарзандини парваришлаш учун уйда қолган.

Марҳуманинг қайнона ва қайнотаси оилада ҳеч қандай муаммо бўлмагани, молиявий жиҳатдан ҳам аҳвол яхши бўлганини таъкидлади. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.