Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши пойтахтда 20 та ерусти ўтиш жойини қуриш учун маблағ ажратишни маъқуллади. Бу кенгаш раиси ва Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан 31 июль куни имзоланган қарорда назарда тутилган.

Ҳокимликнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 20 та ўтиш жойини қуриш учун 107,26 млрд сўм талаб этилади, кенгаш ишларни бошлаш учун 53,63 млрд сўм ажратишни маъқуллади. Ишларни «2024 йилги Тошкент шаҳар бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан шакллантириладиган маблағлар» ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Президентнинг 2022 йил 12 июлдаги «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини амалга ошириш доирасидаги қарори билан 25 та ерусти ўтиш жойи (2022−2026 йилларда 5 тадан) қурилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўша пайтда шаҳарда 10 та ерусти ва 41 та ерости пиёдалар ўтиш жойлари бўлган. Худди шу қарорда 25 та янги ерости йўлаклари (ҳар йили 5 тадан) қурилиши кўзда тутилган.

Ҳужжатда бўлажак ерости ва ерусти йўлларининг манзиллари кўрсатилмаган ва уларнинг зарурлиги асосланмаган. Ҳоким имзолаган қарорда ҳам манзиллар кўрсатилмаган. «Газета.uz» шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, ушбу манзилларни аниқлай олмади.

Фуқаролар билан дастлабки суҳбатлар ва маълумотларнинг йўқлиги мутахассислар ҳамда жамоатчилик орасида хавотир ва саволларни келтириб чиқармоқда.

«Бундай йирик лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши керак, деб биламан. [Ҳужжатда] ҳеч қандай маълумот йўқ, қаерда қурилади бу пиёдалар ерусти ўтиш кўприги, нимага асосланиб, яна ҳаммаси мавҳум», — деб ёзади урбанист Искандар Солиев.

Davletovuz блоги муаллифи Қобил Хидиров Тошкентдаги мавжуд ерусти пиёдалар ўтиш жойлари қулайлиги ва самарадорлиги бўйича саволлар талайгина эканини таъкидлади. Шаҳар маъмурияти яна шундай маъносиз объект қуришдан олдин лойиҳаларни эълон қилиб, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши керак, дея ҳисоблади у.

Пиёдалар ўтиш жойлари билан нима нотўғри?

2023 йилнинг декабрь ойида Сенат Тошкентдаги пиёдалар кўприкларини танқид қилганди, уларнинг аксариятида лифт ва эскалаторлар йўқ. Бироқ расмий хабарларда шаҳар ичида бундай ўтиш жойлари зарурлиги ҳақида савол қўйилмаган.

Ерусти ва ерости ўтиш жойлари ҳақиқатан ҳам хавфни олдини олиш мумкин бўлмаган жойларда керак бўлиши мумкин. Бундай жойларга темир йўл участкалари, шаҳарлар четидаги ҳалқа йўллари ва шаҳар ташқарисидаги трассалар киради. Шу билан бирга, ўтиш жойлари пиёдалар фойдаланиши учун имкон қадар қулай бўлиши керак. Бироқ бунга мисол сифатида сўнгги йилларда қурилган аксарият ўтиш жойлари, жумладан, Тошкент шаҳрининг марказий қисмидаги ерусти ўтиш жойларини айтиб бўлмайди.

2019 йилда «Газета.uz» пиёдалар кўприклари қандай қилиб шаҳарни янада хавфли қилиши ва одамларни йўл ҳаракати қоидаларини бузувчига айлантириб, ҳаётини хавф остига қўйишга мажбурлаши ҳақида ёзганди (мақола рус тилида).

Ўтган йилнинг декабрь ойида эса «НОқулай шаҳар» лойиҳасида фуқаролар учун кўплаб ноқулайликлар туғдираётган бундай ўтиш жойлари ҳақида репортаж эълон қилинганди.

Шаҳарсозлик бўйича мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл ўтказгичлар фақатгина ҳаракатчанлиги чекланган одамлар учун ноқулай эмас. Ёш ва соғлом пиёдалар ҳам вақт ва кучни тежаш учун кўприкка чиқмай йўлни кесиб ўтишади, айниқса зинадан кўтарилиш ва тушиш ҳамда бурилишлар масофани сезиларли даражада узайтиради. Одатда, тўсиқлар одамларни тўхтатиб қололмайди. Бу юқоридаги видеолавҳада яхши кўрсатилган.

Ҳайдовчилар йўл ўтказгичга яқинлашганда тезликни пасайтирмайди, чунки у ерда пиёдалар пайдо бўлишини кутишмайди. Бу эса йўл ўтказгичлар яқинидаги ҳудудларни хавфли ҳудудларга айлантиради. Тошкентда бундай жойларда бахтсиз ҳодисалар бир неча бор содир бўлган.

Россиялик урбанист Аркадий Гершман 2018 йилда Муқимий ва Лутфий кўчалари чорраҳасида (бу ерда ҳам самарасиз йўл ўтказгич мавжуд) транспорт ҳаракатини ташкил этиш усулини таклиф қилганди, бунда пиёдалар ўз ҳаётини хавф остига қўймасдан кўчани кесиб ўтишлари мумкинлиги кўрсатилган.

Сўнгги йилларда Тошкентдаги кўплаб тартибга солинмаган чорраҳаларда ниҳоят светофорлар пайдо бўла бошлади, баъзи ерости ўтиш жойлари эса ер юзидаги зебра ўтиш жойлари сифатида икки баравар кўпайтирила бошланди (Халқлар дўстлиги майдони, Чорсу майдони, Бешёғоч майдони — аммо охирги ҳолатда ердан ўтиш жойи панжаралар билан тўсиб қўйилди). Бу иш давом этадими ёки йўқми — номаълум.