2 август, Париж Олимпиадасининг 7-кунида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та спорт тури, хусусан, дзюдо, енгил атлетика, камондан отиш, бокс баҳсларига киришади. Унда 9 нафар атлет қатнашади.

Дзюдо

-100 кг: Алишер Юсупов ўз юришини 1/16 саралаш босқичидан бошлайди. Учрашув соат 13:00 дан сўнг старт олади. 25 ёшли дзюдочи сўнгги икки йилдан бери жаҳон чемпионатининг 3-ўрнини эгаллаб келмоқда.

Енгил атлетика

Сафина Садуллаева баландликка сакраш баҳсларида Б гуруҳида саралаш ўйинларида қатнашади. Бу галги мусобақа 26 ёшли атлетнинг Токио Олимпиадасида олган 6-ўрнини яхшилашга имкон бўлиши мумкин. Мусобақа соат 13:15 дан сўнг бошланади.

Кечки дастурларда эса Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш баҳсларида ўз кучини синаб кўради. 17 ёшли Шарифа ҳам Б гуруҳида саралаш босқичида қатнашади.

Камондан отиш

Яккалик баҳсларида яхши иштирок этган бўлса-да, медаль ололмаган камончилар Амирхон Содиқов ва Зиёдахон Абдусатторова жуфтлиги энди соат 14:25 да аралаш дастурда яна бир бор медаллар учун курашади.

Бокс

-57 кг: Париж Олимпиадасида омадли юриш бошлаган Ситора Турдибекова илк баҳсида конголик Марселат Сакоби Матшуни 3:2 ҳисобида енгди. Энди у 1/16 саралаш босқичида Хитой Тайпейи вакили Лин Ютингга қарши жанг қилади. Рақиб 2023 йилги Осиё ўйинлари ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, у халқаро мусобақаларда жинсга боғлиқ номувофиқликлар сабаб иштирок этолмаган. Беллашув вақти — 18:30.

+92 кг: Токио Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов Париж Олипиадасининг саралаш босқичида норвегиялик Омар Шиҳадан 5:0 ҳисобида устун келди. Бугунги чорак финалда у австралиялик Теремоана Теремоана билан тўқнаш келади. Баҳс 20:50 да.

-51 кг: Париж Олимпиадасининг 1/8 финалига етиб келган боксчи Ҳасанбой Дўсматов 3 августга ўтар кечаси қозоғистонлик Сакен Бибоссиновга қарши рингга чиқади. 31 ёшли Дўсматов қозоғистонлик рақиби билан таниш экани, у билан рингда кўп тўқнаш келганини айтди. Ким кучли, яхши тайёргарлик кўрган бўлса, ўша ютади, деди спортчи. Баҳс 00:20 да.

-80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев чорак финал жангини кубалик Арлен Лопезга қарши ўтказади. Эслатиб ўтамиз, Арлен Лопез 2016 йилги Рио Олимпиадасида ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиевни финалда очколар ҳисобига мағлубиятга учратиб, олтин медаль олганди. Мелиқўзиев эса жамоага яна бир кумуш медаль келтирган.