Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов 1 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистонга электромобиллар импортига божлар жорий этилишини қўллаб-қувватлади.

Савдо-саноат палатаси раҳбари электромобилларни олиб киришда бошқа давлатлардаги бож ставкаларини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ расмий дилер йўқлиги ва стандартларга мос келмаслиги сабабли Хитойдан импорт қилинган электромобилларга 102,5 фоизлик бож жорий қилган. Европа мамлакатларида бу кўрсаткич 38,1 фоизга, Туркияда 58 фоизга, Бразилияда 10 фоизга тенг бўлиб, 2026 йилда 35 фоизга кўтарилади.

Туркия божларни жорий этгандан сўнг, BYD компанияси мамлакатда 1 миллиард долларлик завод қуриш режасини эълон қилганини у таъкидлади. Ваҳобовнинг фикрича, автомобиль саноати мамлакат учун малакали кадрлар шаклланишига замин яратади.

«Гап иш ўринлари ёки монополия ҳақида эмас. Агар у ерда келажак авлод меҳнат қилса, ўша жойдан малакали мутахассислар етишиб чиқади. Шу йиллар мобайнида Асакадаги заводда 100 мингдан зиёд киши ишлаган. Танишларимнинг 15 нафари Германияда ишлайди ва 3000 евродан 5000 еврогача маош олади», — деди у.

Ваҳобов журналистларга мурожаат қилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масаласига «кенгроқ қараш»ни ва фақат машиналарни сотишнигина эмас, балки уларни тушунишни сўради.

Савдо-саноат палатаси раҳбари 2023 йилда Ўзбекистонда 430 минг, Туркияда 1,1 миллион дона автомобиль ишлаб чиқарилганини маълум қилди.

«Туркияда атиги бешта бренд — Renault, Ford, Hyundai, Togg ишлаб чиқарувчилари фаолият юритмоқда. Ва у ерда автомобилларга бож миқдори бозор қийматининг 100 фоизини ташкил қилади ва двигатель ҳажмига боғлиқ. Агар Туркия ўз бозорини шундай ҳимоя қилаётган бўлса, у биздан орқада қолаётган давлат ҳисобланадими? Бундан ташқари, 37 фоизлик ҳашамат солиғи бор», — деди ва ADM Jizzakh автомобиль ишлаб чиқарувчиси раҳбарининг таклифини «100 фоиз» қўллаб-қувватлашини айтди.

Савдо-саноат палатасининг таъкидлашича, ноль даражали божларнинг сақланиб қолиниши Хитой электромобилларини «сифатсиз хизмат кўрсатиш ва ҳеч қандай кафолатларсиз» оммавий равишда импортига олиб келади. Alixpartners консалтинг компанияси ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб Хитойнинг 137 та ишлаб чиқарувчисидан 19 таси қолади.

«Табиийки, қолган банкрот компаниялар ўз электромобилларини божхона тўловлари бўлмаган мамлакатларга олиб киришга ҳаракат қилади. Истеъмолчилар маҳаллий шароитга мос келмайдиган ва сифатли хизмат кўрсатилмайдиган электромобилларни сотиб олиб, катта харажат қилиши мумкин,» — дейилади палата хабарида.

Ваҳобов аккумуляторларни утилизация қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтиб, Ўзбекистонда бу йўналишда ҳали ҳеч қандай лойиҳа йўқлигини айтди. Батареяларни қайта ишлаш ва янги технологияларни жалб қилиш лойиҳалари учун жамғарма яратиш учун электромобиллар учун божларни гибрид автомобиллар даражасига кўтариш таклиф қилинмоқда.

KIA ва Chery автомобилларини ишлаб чиқарувчи ADM Jizzakh автомобиль заводи 2027 йил ўрталарига қадар Ўзбекистонда гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Инвестициялар ҳажми 550 миллион долларга, бюджетга тушумлар эса 700 миллион долларга етиши кутилмоқда, бу эса компанияга мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчиларнинг 5 талигига киришга имкон беради. Унинг раҳбари аввалроқ Ўзбекистонга электромобиллар импорти учун божларни қайтаришни таклиф қилган эди. Шунингдек, у автомобилларни расмий дилерлар орқали сотиш тартибини қайтаришни сўраганди.

Муносабатлар

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, рўйхатда божлар жорий қилинган мамлакатлар ва минтақалар дунёдаги энг йирик автомобиль бозорлари ҳисобланади. Бу бозорларнинг ҳар бирида Европа ва АҚШ мисолида ўнлаб, Туркия ва Бразилия мисолида камида ўнга яқин автомобиль ишлаб чиқарувчилари мавжуд.

«Яъни саналган бозорларда импортни ҳисобга олмаганда ҳам, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзида рақобат даражаси ҳаддан зиёд юқори. Масалан, Ваҳобов меҳр билан тилга олган Туркияда бозорда энг катта ишлаб чиқарувчи Renault’нинг улуши 25 фоизга бормайди. Ўзбекистондаги монополлашган концентрацияни саналган бозорлардаги рақобат коэффициенти билан умуман солиштириб бўлмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, санаб ўтилган мамлакатларда тарифсиз тўловлар ҳажми «палата раиси келтирган ва атайин қўрқинчли қилиб кўрсатилган рақамлардан анча фарқланади».

АҚШнинг бож киритиш бўйича (айниқса Трамп даврида) ташаббуслари доим қаттиқ танқид остига олинган ва бу бўйича консенсус йўқ, деди Бакиров. Худди шу нарса Европа Иттифоқида ҳам кузатилмоқда.

У иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг сўзларига тўхталар экан, «ҳеч қурса шу мамлакатлар даражасида очиқ бозорга эга бўлганимизда ҳам майли эди», деб таъкидлади.

«Энг қашшоқ мамлакатлардан бир бўла туриб биздан каррасига бой мамлакатларнинг ютуқли эмас, хатоли қадамларидан ўрнак олишга уринишлар рости ачинарли», — деб ёзади у.

Беҳзод Ҳошимов, ўз навбатида, Асакадаги автомобиль заводи «Ўзбек иқтисодиёти ва айниқса Ўзбек саноати учун катта тўсиқ ва ўлпон бўлган ва бўлиб қолишини» таъкидлади.

«У заводни ҳимоялашга қўлланган чораларни миллионлаб одамлар ўнлаб йиллардан бери тўлаб келмоқда. Асакадаги завод — самарасизлик ва Каримов давридаги нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз. Худди шундай чуқурларга ўчиқ кўз билан кетаётганимиз ачинарли», — деди у.

У, шунингдек, АҚШга автомобиль импортига бож ставкаси 2,5 фоиз эканлигини таъкидлади.