Ижтимоий тармоқларда Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов фуқарога тарсаки туширгани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги унга нисбатан чора кўрилганини маълум қилди.

Хабарда ёзилишича, ушбу масала вилоят ҳокимлиги аппарати йиғилишида «кескин муҳокама қилинган». «Туман ҳокими Ф.Юсупов шу ва иш фаолиятида йўл қўйган бошқа камчиликлари учун интизомий жазога тортилган», — дейилади хабарда.

Ҳокимликнинг қўшимча қилишича, туман ҳокимига «ҳар бир фуқаро билан хушмуомала ва ҳурмат билан муносабатда бўлиши, мулоқот чоғида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши» кераклиги уқтирилган ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўйган тақдирда тегишли жавобгарликка тортилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.

Файзулла Юсупов Чироқчи туманига ҳоким этиб 2023 йил 4 августида тайинланганди. Тайинловга қадар у вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси раҳбари бўлган.

У 15 январь куни «топшириқлар ижросини таъминлашда назоратни сусайтириб юборгани, хато ва камчиликларга йўл қўйгани» учун ҳайфсан олганди.