Қашқадарё вилоятидаги 4 та туман ҳокимлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланди,дея хабар қилди Рақобат қўмитаси.

Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг 6 ойи давомида вилоят туман ҳокимликлари ва давлат бошқарув органларининг вилоят таркибий бўлинмаларида «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари юзасидан жами 10 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Мазкур ўрганишлар жараёнида, Нишон, Шаҳрисабз, Ғузор ва Муборак туман ҳокимликларида 19 та ҳолатда товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситилишига олиб келувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилиниши натижасида «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12, 22-моддаларида белгиланган айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар яратиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Юқоридаги ўрганиш натижаларига кўра, 4 та туман ҳокимларининг тегишли қарорлари «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлаштирилди ҳамда туман ҳокимликларига қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилди.