Тошкентда «Жадидлар. Туркистонга мактублар» номли мультимедиавий кўргазма очилди. Унда 1922 йили Германияга ўқишга юборилган 73 нафар туркистонлик талаба ҳақида ҳикоя қилади. Кўргазма залларида туркистонлик талабалар ва зиёлиларининг ўзаро ёзишмалари аудио тарзида ўқилади, мониторларда эса хатларнинг матн кўриниши овозга ҳамоҳанг тарзда кўрсатилади.

Кўргазма ташкилотчилари таъкидлагандек, ушбу хатлар ва ёзишмалар илмий доира вакиллари учун катта янгилик ҳисобланмаса-да, кенг омма учун илк бор бундай очиқ тарзда кўрсатилмоқда. Шу боис «Газета.uz» кўргазмага қўйилган ёзишмаларнинг бир қисмини матнлаштирди.

Хатларнинг катта қисми ўша давр матбуотида эълон қилинган материаллардир. Айрим мактубларнинг муаллифлари (аксарият ҳолларда, номаълумлиги учун) кўрсатилмаган. Хатларнинг сарлавҳалари таҳририят томонидан шартли равишда қўйилган.

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Бор кучимиз билан Оврупо ва Амриқога ўқувчилар юборишимиз лозим»

Дунёдаги миллатларнинг маданий ҳаётга қандай йўллар билан етишганлигининг сабабини текширсак, қизиқ-қизиқ ҳолатларга учраймиз. Бугун Ер юзида тараққий жиҳатдан биринчи ўринни олган японлар бундан 40−50 йил илгари ваҳший бир ҳолда яшар эдилар. У вақт бутун Оврупо жаҳонгирлари япон оталарини луқма қилмоқ учун оғзини очиб турган эди. Лекин Оврупо жаҳонгирларининг истило сиёсатини сезган япон ҳукумати кишилари ҳар турли уюшмалар очиб, япон ёшларини таҳсил учун чет элларга юбориш ишларига киришдилар.

Кўп ўтмади. Японияда юзлаб Оврупо тартибида мактаблар барпо этилиб, 50 йил ичида япон миллати таниб бўлмас бир маданиятга эга бўлди ва биринчи давлатлар қаторига кирди. Япон миллати шунчалик маданийлашган билан ўқувчи йўллашни тўхтамади. Биз ҳам ўзимизнинг ҳозирги ҳолда таназзулга кетганлигимизни кўриб умидсизланмасдан, бор кучимиз билан Оврупо ва Амриқога ўқувчилар юборишимиз лозим.

Мана, бизда яқинда очилган «Кўмак» уюшмаси шул вазифани адо этадир. Кечагина очилган «Кўмак» уюшмасига юз, минглаб кўмак келиб туриши, аъзолари сонининг юзга қадар бориши, ҳар бир ердан «Кўмак» уюшмаси очилишини табриклаб хат ва телеғромларнинг келиши бироз фурсатда биздан ҳам Оврупо ва Амироқога ўқувчилар юбориши мумкинлигига ишонч билдирадилар.

Аҳмаджон Иброҳим ўғли, 1922 йил, «Қизил байроқ»қа


«Бошқалар томонидан ишланган бойлигимиз бошқалар фойдасидир»

Бир вақтлар Туркистон ўзининг маданияти ва шон-шукуҳи, етказган улуғ шоирлари, ёзувчилари, файласуфлари ва бошқа эгалари билан ўзини Шарқ дунёсига танитган. Шарқнинг орқага қараб ўзгариши Шарқ маданиятининг йиқилиши, ўлимига сабаб бўлди. Шарқ ХХ аср илк чорагида уйқудан кўзини уқалаб тура бошлади. Шарқнинг ҳар бурчагида уйғониш, оёққа қалқиш хабарлари, маданият йўлида интилишлар, ҳар ердан ҳаракат, ҳар ерда жонлилик кўрина бошлади.

Туркистонда табиат бойлиги жуда кўп. Туркистон ўз бағрида аллақандай қимматлик тошлар, турли қимматбаҳо конларни асрайдир. Ўз юзасидан бошқа ерларда ўсмайтуган қимматбаҳолик ўсимликларни ўстирадир. Лекин бу бойликлар ишланмаган бир ҳолда, сув чиқса жаннат бўлатурган ҳисобсиз жойларимиз чўл ҳолида қақраб ётадир. Туркистонда ҳар турли майда саноатлар бор. Лекин улар йўлга қўйилмаган. Эски йўл ва эски йўсинда ишланадир. Булар Оврупаникидан тараққий этмаган ва куч олмагандир.

Энди биз ҳозирдан эсга келиб, Туркистон бойликларини ишламак ва маданиятини юксалтирмоқчи бўлсамиз, бизда ихтисос борми? Йўқ, ҳеч йўқ! Бошқалар томонидан ишланган бойлигимиз бошқалар фойдасидир. Бу ширин ўйларга эришмакнинг биргина иложи бўлса, ул ҳам маданиятимиз, ўз бойлигимизни ўзимиз ишлатайлик.

Бунинг учун биринчи чора Оврупога ўқувчилар юборишимиз керак. Мана бу нарсани илм атрофида юрган ёшлардан тузилган «Кўмак» уюшмасини тузишиб, жиддий бир ҳаракатга киришди.

Четга борғучи ўқувчиларни таъмин қилиш учун смета тузиб, ҳукуматга топширди. Қўшни жумҳуриятлардан ёрдам сўради. Бухоро ҳукумати «Кўмак» аъзосидан икки кишини четга ўқутмакни ўз устига олди. Бухоро ҳукумати учун қуллуқ қиламиз.

Ишлайлик, миллатлар виставкасида юзимиз қизармасин. Қани, марҳамат қилинг, ёш ўртоқлар, чет эллардан илм-фан ўрганишга!

«Қизил байроқ» газетасининг 1922 йил 29 июль сонида эълон қилинган хат


«Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукурлар бўлсинким, менга насиб қилмиш»

Эзилган миллати, қоронғулиқда қолғон юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди.

Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукурлар бўлсинким, менга насиб қилмиш. Ҳозир мен шу муносабат билан ҳар ердан қутлаш хатлари олмоқдаман. Шуларнинг ҳар бирига айрим-айрим хат ёзиш мумкин бўлмағонлиғи учун уларнинг ҳаммасига бирдан, айниқса, гўёки қизғин туйғулар билан қутлаган Москва ва Бокудаги талабаларимизга, Қозон ва Оренбург маданият-маориф ходимлариға, ёш шоиримиз Боту ўртоққа ташаккуримни билдириб, билим истаб дунёнинг ҳар томониға ёйилатурғон йигит ва қизларимизни «Кўпайсин!», дейман.

Мажидхон, 1922 йил, 18 декабрь, «Туркистон» газетаси

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Бухоро ҳукумати томонидан Берлинга юборилатурғон ўқувчилар билан бирга мани ҳам таъмин этишга ғайрат этмагингизни ўтинаман»

Бундан бир ой муқаддам Бухороға бориб, жанобингизни зиёрат қилган, ўзимнинг Германияга бориб, ўқув ниятида эканлигимни айтган эдим. Шу ниятимга етиш ёлғуз жанобингизнинг ёрдами ила мумкин эканлигини арз этиб, бу хусусда ёрдамингизни дариғ тутмаслигингизни ўтинган эдим. Жанобингизда манинг бу илтижомни рад этмай, уч-тўрт ой сўнгра Бухородан юборилатурғон ўқувчилар кетгунча етарлик таъминот топсам, паспорт ҳозирлатиб, сўнг уч-тўрт ойдан сўнгра юборилатурғон ўқувчилар билан таъмин этилишимизни сўзлаган эдингиз, бул сўзингиз мани жуда суюнтирган эди.

Ҳозир менинг дардим тағин зўрайди. Германияга тезроқ кетиб, келгуси ўқув йилда ўзимни Германия дорилфунинида кўрув иштёқи кучайди. Ўзимни тўрт ойга қадар таъмин этанлиқ ақча топдим. Биргина бул тўрт ойлик таъминот кифоя эмас деюб ўйлаб, яна сиздан ҳам бироз кўмак кутаман!

Азиз устод! Германияга кетар учун энг керакли нарса паспорт бўлғани учун шуни юбормоғингизни ўтинаман.

Суюкли устод! Паспортни юбормоғингизни, бироз моддий ёрдам бермоғингизни, келгусида Бухоро ҳукумати томонидан Берлинга юборилатурғон ўқувчилар рўйхати ичида манинг ҳам отимни бўлунтириб, шул юборилатурғон ўқувчилар билан бирга мани ҳам таъмин этишга ғайрат этмагингизни тубанчилик билан сўрайман, ўтинаман.

Тошкент, 1923 йил, 30 январь


«Германияда Ўрта Осиё талабаларининг икки йили»

Чет элларга минглаб, ўн минглаб истудентлар юборғон мамлакатлар қаршисида Буюк Туркистон жим турмади. Ўрта Оврупоға биринчи мартаба бўлса ҳам ўзига яраша ўқувчилар юборди. Ўрта Оврупода осиёлиқлар ичида кичкинагина бир тўда Туркистон ёшлари Германия мактабларига кириб, ўрнашиб, ўқишға бошлағонлиқлариға бир йил тўлди.

Буюк Туркистонни талаб, ёндириб, эзиб келган рус монархислари, Пётр Великий Оврўпоға юбориш учун талаба топа олмағон вақтларини эсларига олмасдан, «сортлар Оврўпода нима қилодир?» деган истеҳзолар билан Берлинда чиқодирғон «Рур» газетасида қичиқиришиб ўтган, бизни Оврўпо маданиятига муносиб кўрмаган эдилар! Бу совуқ ва қўпол қарошлариға қарши Германлар томонидан яхши кутиб олиндиқ.

Ҳар қандай олмон оиласи бизни олиш учун эшикларини очиб қўйди. Оддий муаллимдан бошлаб дўхтури, профессори тил ўрганишимиз учун қўлидан келган ёрдамини аямади. Германлар дунёни севганлари каби Туркистонға ҳам жуда қизиққонлардан эканлар. Кўзумиз билан кўрганимиз учун бу ерда айтишимиз керакки, улар мамлакатимизни тарихумизни, истиқобилимизни бир туркистонлиқдан ортиқ биладирлар, тонийдирлар юртимиз тўғрисида. Биз учун энг муҳим бўлғон китоблар ёзиб, бошқа эллардан ҳам таржима қилғонлар.

Истудент ва ўқувчиларимиз ўз даража ва истаклариға қараб тубандагича бўлиндилар. 1. Истудентлар. 2. Гумназистлар. 3. Ўрта саноат мактабларига кирувчилар. Туркистон ва Туркияда эъдодийни битириб келган ва дорилфунунда ўқуғон истудентларимиздан баъзиларининг шаҳодатномалари Германия ҳукумати томонидан тонилиб, истаган олий мактабларига имтиҳонсиз қабул қилиндилар.

Олий техника мактабига Билол каби йигитларимиз мактабларида биринчи томонидан талаб қилинган имтиҳонни яхши даражалар билан битириб қутилдирлар. Дорилфунун профессорлари туркистонлиқ истудентларидан хурсанддирлар. Ўз илмий кишилариға чанқағон Улуғ Туркистон 1925 йилдан бошлаб Оврупода етиштирган миллий агроном, муҳандис, кимёгар ва дўхтурлариға эга бўлғусидир.

Яна бизлар учун бир унутилмас, яхшилиқ қилдиларки, туркча тилимизни Оврупо тиллари қаториға қўшдилар. Ўрта мактаб имтиҳонларида французлар ёки инглизча ўрнида ўз она тилимиздан синош берамиз.

Германиядаги Туркистон ўқувчилари орасида биринчи гал яхши синошлар билан Берлин обер (юқори) Риёл мактабини тугатган Солиҳ Муҳаммад ва Примага тайёрланғон Баҳовуддин Амин ҳам Саттор Жаббор каби ўртоқлар чиқди.

Орамизда Марямхон, Хайринисо, Саидахон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларға қарши Оврўпоға отилғон фидокор қизларимиз ҳам бор. Уларнинг ўқишлари яхши. Бироқ хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмағони учун йўлларида кўп чатоқлиқлар кўрадур. Чиндан ҳаёти хотуни ва Туркистонда қолғон опа-сингилларининг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлиқ қилиб келган қийматлик қизимизға Хоразм жумҳуриятининг шундай совуққонлиқ билан қорашиға Туркистон ёшлиғи таассуфлар этмай туролмайдир.

Бухоро таъминотида тотор қизларидан Руқия ва Гулсум опалар Дерезден қизлар гимназиясидадирлар. Ёш ўртоқларимиз Куслун гимназиясида бирга турурлар. Ўз тилларини йўқотиб юбормаслиқлари учун ёнларида туркча муаллимлари бор. Ишларида, руҳларида янгиликлар кўринган ёш гимназистларимиздан умидлар кўпдир. Улар ўрта мактабни мунтазам битириб, Туркистон истудентлари ёниға киргусилар.

Эртой, 1924 йил, «Туркистон» газетаси

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Қизларимизнинг у ерда ўқуб, муаллима бўлиб қайтишлари бироз сана тарихинда муяссар ўлажак»

Берлиннинг туманли ҳавоси таҳсилимга халақит этди. Ёзда дўхтирларнинг тавсияси ила сиҳатим учун Тоҳир билан Абдулваҳҳоб Оқтойнинг шаҳрида бир ярим ойча қолдим. Шу Дармштадт мактабига кўчдим. Бу амалда Берлин мактабиндан фарқи бўлмаган олий муҳандис мактабидир. Тоҳирлар ўқиётган ерлар Хайделбергнинг ҳавоси соф, табиати гўзал, фақат сокин таъм бир таҳсил шаҳарларидир.

Бизим қизларимизнинг у ерда ўқуб, муаллима бўлиб қайтишлари бироз сана тарихинда муяссар ўлажакдир. Бу бизим учун бик улуғ ишлардир. Бунинг ила алоқадор маорифпарварларимиз фурсатдан истеъфода этажакларина умидворам.

Боқий саодатла саломат ва офиятингиз дуо этар инингиз,

Иброҳим ўғли Бобир


«Қандай бўлса ҳам қоронғулиқдағи халқимизни ёруғлиққа чиқориш ниятидаман»

Сизнинг ёзған сўнғи мактубингизни II ноябрда олдим. Мактубингизда ўқишингизнинг охирги соатларини ўтқазиб турғонлиғингиз тўғрисидаги ёзғонингизни ўқуб, чексиз хурсанд бўлдим. Хатингизда манга айтган насиҳат сўзларингизни жоним билан қабул этиш, ўқуб турғоним кино санъатини мумкин қадар юқори табақаларин эгаллашга киришаман. Ҳар ҳолда мамлакатим учун бир илмий ходим бўлиш истагидаман. Қандай бўлса ҳам қоронғулиқдағи халқимизни ёруғлиққа чиқориш ниятидаман. Мақсадим — маданият учун кураш, ёруғлиқ тўсқини булутлар билан кураш, булутлардан ташқари ўзбек санъати, адабиёти руҳига қарши борувчилар билан курашаман.

Шундай курашлар учун, сиз айтганингиздек, кучлик-билимлик бўлиш лозим. Шундай бўлғоч, Сиздек ўзбеклар ичидан чиқиб олий тарбия топқон олимларимизнинг сўзларин қабул этиш билан ўз илмимнида такомиллаштириб, халқимизнинг турли эҳтиёжлариға жавоб берарлик даражада тайёрланишга ўзимнинг қатъий ваъдаларимни бериб қоламан.

Ҳозирда менинг ўқиб турғон бўлимим бир даҳа илмий бўлимдир. Бундан кўп нарса олиш мумкин. Мен бул ерни тўрт йилдан сўнг битираман. Агарда олий мактаб ҳолига айлантирилса, 5 йиллардан сўнг битирарман. Манингда ўқуш мақсадим ҳам бор. Шунга кўра икки йилдан буён немисчадан тайёрланар эдим. Ҳозирги мактабимизнинг операторлик бўлимида немисча бор экан. Ишқилиб, тайёрланиб ётибман.

Адам хатингизни ўқуб хурсанд бўлдилар. Сизга раҳмат ва саломларин билдирдилар. У киши ҳам хат ёзсалар керак. Ўзингиз қай вақтда келасиз? Бир бизларни суюнтириб қўйинг. Агарда таниш бўлсангиз, Берлинда қандай кино мактаблари борлиғи тўғрисида ёзсангиз.

Туркистон ҳам ҳозир анчагина уйқудан бош кўтариб қолди. Ишга киришди, йўлини топиш олдида туродир. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»и бир намунадир. Саноат томонидан ҳам бошланмоқчи.

Хайр, кўришгунча саломат бўлайлик.

Ҳамидулла Сулаймон, 1928 йил, ноябрь


«Талаба дарсни эшитмак билан қолмас. Балки дарснинг руҳига кириб кетар. Фанни ўзидан йироқ эмас, ўз ичида ҳис этар»

Германияда 21 дорилфунун ва бошқа сонсиз юқори ва ўрта даражалик мактаблар бор. Германия дорилфунунлари мактаб бўлишдан бошқа яна бир кашифлар ихтиро қилғучилар ятағидир. Гемания дорилфунунларидаги ўргатиш усули ҳеч бир ерда йўқдир. Талаба дарсни эшитмак билан қолмас. Балки дарснинг руҳига кириб кетар. Фанни ўзидан йироқ эмас, ўз ичида ҳис этар.

Мана шу сурат билан унинг миясида фан туғилар ва яшар. Ихтиро фикри уйғонур. Катта имтиҳон бўлганда ана шул дарсдан ҳам сўз, ҳам ёзув билан имтиҳон берур. Сўнгра шул фан тўғрисида бир китоб ёзар. Ул китоб мударрислар орасида ўқилур. Улар танқид этарлар, талаба исбот қилур. Шул йўл билан талабанинг фаннинг ҳар нуқтасига эришганлиги билингач, қўлига шаҳодатнома ёзилур. Бу шаҳодатномани олган талабага ҳар қандай иш топширилур. Немис мударриси бир олим, бир ижодчи, бир кашифдир…

Абдуваҳҳоб Муродий, 1922 йил, 4 август, «Қизил байроқ» газетаси


«Бизнинг дардимизнинг ҳам буюк қуроллари матбуот, мактаб ва театрдир»

Туркистон халқларининг моддий ҳаёти Туркистоннинг жаҳон саводи майдонида тутқон ўрниға, ўзининг табиатига ва фуқаронинг қўллағон ишлаб чиқариш усулларига боғланғондир. Туркистоннинг дунё савод майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. Бу аср умуман мусулмон мамлакатларининг таназзул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарбликлар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди. XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди.

Туркистон иқлимининг қизғинглиғи ва ерининг бойлиги уни доим қийматлик ҳосилот берувчи зироат мамлакати равишида қолдирғусидир. Иккинчи томондан, Туркистон тоғларининг маъданга бойлиғи бунда тоғ саноатининг юксалшига сабаб бўлғусидир. Ҳозирги зироатнинг маҳсулорини орттириш учун бирдан-бир чора бўлса, зироатда ҳар хил янги ишлаб чиқариш усуллари, янги қуроллар ва машиналарни қўлланишидир. Машина қанча қиммат бўлса ҳам уни қўллашимиз керак. Чунки ул бизнинг бойлиғимизни орттира оладир. Фақат бу истиқболға қараб тезроқ ҳаракат қилишимиз лозим.

Бизнинг бу дардимизнинг ҳам буюк қуроллари матбуот, мактаб ва театрдир. Бизда буларнинг ҳар қайси бор. Бизнинг янги мактабларимиздан шул вақтғача халқ ҳуркиб келди. Матбуотдан узоқ турди, театрни англамади. Чунки буларнинг ҳар қайсиси ўзининг асосий вазифасининг ҳайкал мужассами бўла олмади. Ҳар бир халқнинг уйғониш даврида ғай муҳим ўрин тутадурғон бу уч буюк қуролни ўз вазифаларининг руҳи билан суғориш бизнинг навбатдаги ишимиздир. Бу ишларимизнинг орқасида зироат, суғориш ишларида ва саноат, савдо иқтисодиёт доираларида Оврупо усуллари билан ишлай олғувчи мутахассислар етиштириш иши турадир.

Бунинг учун Оврупо тилларини ўрганишимиз ва Ғарб мактабларида илм-ҳунар қилишимиз лозимдир.

«Туркистон» газетаси, 1922 йил

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Сенга етсам, сўнгра учса, майли руҳим қушчаси!»

Истак меним гул-фариштам, хаёлимнинг аршидир,
Қанот қоқиб кеча-кундуз талпинаман, учаман
Юксак руҳим юрагимнинг жон озиғи, шоҳидир,
Етай-етмай бирибирдир, даргоҳига бораман.
Йўлларимда тўсиқ кўпдир, локин сира қўрқмайман
Барчасини ботирларча уриб-йиқиб ўтарман,
Меним кўнглим денгиз каби, кўклар каби эркиндир,
Аччиқ алам, ғурбатларни билдирмасдан ютарман.
Истакларим, тилакларим қўл етмаслик юксакда,
Кундан кун нурлик, ойдан тиниқ юлдузларнинг остида,
Бўшлиқ билан, ҳазил билан етилмаслик йироқда,
Қувватим зўр, қанот қоқиб бургутлардек учаман
Улуғ истак борлиғимнинг оби ҳаёт чашмаси,
Сенга етсам, сўнгра учса, майли руҳим қушчаси!

Шокир Сулаймон. 1923 йил, 21 январь


«Германия дорилфунунларида татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда»

Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим. Бир йилдирким, Оврупода яшамоқдаман. Илм маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорилфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда. Бошқаларга ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди.

Мана, сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусинингиз бир йилдан бери кулмаган кўнглимни кулдирдир ва руҳимга жон берди. Сиз жон ўртоқларимнинг вазифаси Туркистондан талаба юбормоқ бўлса, бу талабаларни эргашдирмак ва бу ердан сизга лозим бўлган маълумотларни бермак, албатта, меним вазифамдир.

Берлин зироат академияси талабаларидан тошкентлик Абдуваҳҳоб Мурод, «Қизил байроқ» газетасининг 1922 йил 29 июль сонида эълон қилинган


«Туркистон чалаликни истамайди. Бутунликни истайди»

Ёруғлиққа севиниб, интилиб чиқаётган Туркистон ва шунча илмий кишиларисизлигига қарамасдан келгусининг буюк умидлари учун бизни Оврупога юборди. Чинданда Туркистон чалаликни истамайди. Бутунликни истайди. Жуда яхши қилади. Биз аммо Оврупода йилларча қолиб ўқиган замонимизда севиклик Туркистонимизга хизмат қилувдан маҳрум бўлиб қолувни истамаймиз. Ҳар бир миллатнинг олий мактаб болалари қаерда бўлса бўлсинлар, илмий, ижтимоий йўлларда ўз миллатлари учун чалишадилар. Узоқларга буюк умидлар билан юборган Туркистонимизга бу ҳаракатимиз кўкрагимизда ёнған хизмат туйғуларини кўрсатар умиддамиз.

Германияликларнинг товуши, «Кўмак» журналидан


«Эзилмак истамайдиганларнинг энг яхши қуроли унинг ёшларидир»

Эзилмак истамайдиганларнинг энг яхши қуроли унинг ёшларидир. Бу кун Оврупо, Амриқо ҳаёти тарихида биринчи ўрун олғон ва буюк ҳақ-ҳурматга эга бўлғонлар ўқувчи ёшлар эканлигини кўрамиз. Уйқудан янги турғон Туркистон ёшлари истудентлик йўлиға эндигина аёқ қўйиб келсалар-да, ёт элларда бир-бирларидан дараксиз бўлиб кетмасликларини кўзда тутиб ва келгусида «Умум Туркистон талаба бирлиги» тузиш нияти билан Германияда «Туркистон талаба жамияти» қурулиб, иш бошлади.

Жамият Германия ҳукумати томонидан расмий тасдиқ қилиниб, истудент дунёсиға ўзини танитиш билан бу кун Овруподағи турли миллатлар талаба бирлиги сирасига қўшилди.

Ички-ташқи тузукларимизни қўлимиздан келганича тадбиқдамиз. Туркистон, Озарбайжон, Руссия жумҳуриятлари ва Туркиядаги ўқувчи ўртоқлар билан алоқа бошлаб тонишмоқдамиз. Жамиятнинг ички ишлари ёмон эмас. Гали билан ўзаро лекциялар ўқушамиз.

Ҳаммага маълумки, Туркистон талабалари Оврупоға илм-ҳунар учун келдилар. Германияга келганимизга икки йил бўлди. Талаба ўқушидан бўшамайдур.

Эртой, «Туркистон» газетасининг 1924 йил 342-сонида эълон қилинган хат


«Бу йил биринчи агрономимиз билан қувонар эканмиз»

Абдуваҳҳоб Муродий Берлин олий зироат мактабини бу йил битирди. Ўзбекистондан биринчи дипломли агроном бўлиб етишди. Тошкентда энг камбағал оиладан чиққан Муродий Ўзбекистон учун энг муҳим бўлган пахта ишларини ҳар томондан ўрганиш учун ҳукумат томонидан Амриқога юборилмоқчи эрса-да, ҳозирча Мисргагина бориши мумкин бўлди. Мисрда пахта жинсини яхшилаш институтида тажриба қилур. Сўнгра Нил бўйи Судан ичигача бориб, зироат ташкилотларини ўрганур ва қайтишда Италия ва Можористон ўлкаларига тушиб, ундаги ипакчилик, бринж ва чорвачилик ишлари билан танишмоқчи.

Ўртоқ Муродийнинг Миср саёҳати 6 ой сурилса керак. Сўнгра йиллардан бери кўрмаган севикли Ўзбекистонга келиб ёш кучи билан ишга бошлар. Бу йил биринчи агрономимиз билан қувонар эканмиз. Яқин келгусида юзларча муҳандис, кимёгар, дўхтир, социолог, мутахассисларга эга бўлурмиз.

«Ер юзи» журналининг 1926 йил 11-сони

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Бизда қуруқ сўз бозори. Яхши-яхши қарорлар. Ҳар сана бир турли маориф ташкилоти, ҳар сана бир имло, ҳар сана бир алифбо, ҳар сана бир сира эски ва янги мактаб масаласи музокара қилинадир»

Оврўпода бўлиб турғон қизиқ ҳодисаларни газеталарда ўқимоқда бўлсангиз ҳам бир қанча нуқталарини қайд этиб кетайин. Бу гап Оврўпонинг энг қизиқиб баҳс этмоқда бўлғони бир масала бор эса ул ҳам Лондон қўнфиронсидир.

Оврўпонинг ҳар тарафида босимина ботганларда бошланган қоришиқлардан олим мутафаккир ва сиёсийлари дунё осмонининг янада қора булутлар билан тўла бўлинганин тахмин қиладирлар. Ва бу сафарги бошқанларда бошланган ҳаракатда унум Оврўпо ҳаракати хусусан қаён олиб кетуридан қийин тахмин этадилар. Кўрайлик нима бўлар экан? Хуллас, сиёсий ҳол қоришиқдир.

Амалий соҳага келадиган бўлсак, табиблар инсоннинг умрини узанту чорасини излар, бу йўлда муваффақият ношоналарини топмишлардир. Унинг чун оз замон сўнгра бу йўлдан қаттиқ манфаат бўлувларига инонуб туродирлар. Бир олмон кимёгарининг симобдан олтин чиқорғинини ёзмишди.

Хулоса олам ва ирфоннинг ҳаёт ва мамотнинг бир қисмида уйинда ўлтурғон дунёнинг қайси бир еринда чолинғон мусиқийни эшитув, театрини кўрув чораларина тушмиш. Истадики ердаги конференцни эшитадир. Берлиндаги бир одам ҳеч бир малолсиз Лондон, Париж, ҳатто Ню-Йоркдагида театруни кўрар, мусиқийни эшитар.

Бизда эса қуруқ сўз бозори. Яхши-яхши қарорлар. Ҳар сана бир турли маориф ташкилоти, ҳар сана бир имло, ҳар сана бир алифбо, ҳар сана бир сира эски ва янги мактаб масаласи музокара қилинадир.

Хулласи калом, ширин уйқу, порларда зиёли рўё, ҳар куни бир даъво, ҳар куни бир иғво.

Вассалом, бошқа ҳеч бир шей, ишларимиз бу ила кетаверса, аддувимиз маҳв, ўлувимиз муқаррардир.

Ҳурмат ила инингиз, Тоҳир. Дармштадт, 1924 йил


«Ўзим бу кун бир ўқувчи бўлганим учун бир оилани таъмин эта олмайман»

Ота, бир вақтлар мен сизга Бокуда бир муаллимимнинг ҳамшираси билан ваъдали бўлганимни ёзмиш эдим. Ул замонда мен ул тарафа бориб уйланиб келмак фикринда эдим. Сиз эса келмай турувимни тавсия этган эдингиз. У тарафдан муаллимимдан ҳам шундай тавсиялар бўлган эди. Шу охир вақтларда олдигим бир мактубда, аъшал муаллим хастланиб даволаниш учун Олмонияга келадургон бўлиб қолган. Ҳамширасини ҳам баробар келтирмакчи бўладир. Уларнинг ёзувига қараганда бу ерга келиб бизларни никоҳимизни истайдилар.

Мен бир жавоб бермадим ва сиздан сўраб ёзажагимни ёзуб эдим. Энди бу масалага Сизни назарингиз қандай бўладир. Ўзим бу кун бир ўқувчи бўлганим учун бир оилани таъмин эта олмайман. Шунинг чун бу никоҳ сизнинг ва оғамнинг раъйларингга қоладир.

Бу ҳақидаги фикрларингизни ёзсангиз мен ҳам хатти-ҳаракатларимни унга кўра тузар эдим. Жон ота, фикрингизга нима келса, очуқ айтуб мумкин қадар тез ёзуб юборингки, бирдан маним бошим чиқилмас бир балога кириб қолмасун.

Ҳурмат билан, Тоҳир


Кичик армуғоним

Хайринисо Мажидхон қизиға
Қаро турмуш чангалидан қутилиб,
Эрк чечаги тақа олғон кучли қиз,
Эски одат санамларин парчалаб
Эрк-Тангрига сажда қилғон руҳли қиз
Йўлинг тўғри ортга боқма, кетавер!
Илгарлаш ашуласин айтавер!
Тўғри йўлинг нурли, узун-улуғдир
Улуғ йўлнинг тармоқлари чексиздир,
Тармоқли йўл тажрибасиз, соф, сода,
Кўзлар учун хатлар билан тўлуғдир.
Ишонамен сенинг кўзинг ўткир кўз,
Мийянг кучли, керак эмас бошқа сўз!
Тор қафасдан қочиб кўкда ўйнағон,
Эркинликнинг қучоғида дам олғон
Гўзал қушнинг овчилари кўп бўлғай,
Пайти келса, қуш тубанға тортилғой.
Бу ҳақиқат! Учар экан қараб уч!
Эҳтиётсиз юксалишдан умид пуч!
Сенга қарши, бугун, кўкка юксалган
Лаънат, қарғиш «ҳеч»дан чиққан «ҳеч»гина,
Келгусида йўлларингга тўшалган
Раҳмат, олқиш қаршисида кичиккина.
Илгарила, йўл сўнгида ёруғлиқ!
Югуришга зарар этмас оруғлиқ!

Масковдан Берлинга жўнашлари муносабати билан, Масков, 1922 йил, 6 ноябрь


«Истанбулдан бир талабамиз келди. Кўп заҳматлар чекмиш. Ҳоли вазияти фавқулодда оғирдир»

Бошқа ишлар ўз йўлинда кетадир ва яна муфассал ёзаман. Бу кунларда Истанбулдан Иброҳим Орифхон исминда бир талабамиз келди. Кўп заҳматлар чекмиш. Ҳоли вазияти фавқулодда оғирдир. Унингчун мумкин қадар тез ёрдам чоралари кўрилмайи лозимдир. Шунинг каби мужоҳид талабанинг истиқболини таъмин учин сарф ва тадбиқи ҳеч бир суратда тасаввур этилмас. Масалалар учин бу қадар жонбозлиқ кўстармак бир яна бу ила мужоҳид талабамиза ёрдам йўлина душунсак мамлакатда истиқбол журноличилиқ бир тирик ҳозирламиш бўлурдиқ.

Бундан бутун таниганларга салом.

Эҳтиром ила Тоҳир. Берлин. 1925 йил

жадидлар, кўргазма, мактуб, мактублар, хатлар

«Бизнинг ёшларнинг тоза сабри туганди»

Муҳтарам афандим, мактабингизда меним таъминотим ҳақинда чолиша жоғинғизни эшитиб кўп мамнун бўлдим. Бизнинг 6 ойлик таъминотимиз берилган эмас. Фақат тўрт ойға қадар 28 доллардан бериб турилиши телеғром ила билдирилган эди. Шундан келиб ҳар ойда 28 доллардан олиб, бу қадар оз пул ила қаст этган ишларимизнинг қайси бирини тугал этишимизни билмаймиз.

Саидносир ака, афв этингиз, бу қурғур пул масаласи шундоқ асабларға қадар ўрнашғонки, инсон беихтиёр яна шу ҳақида ёзмоқ мажбуриятинда қолар…

Бизнинг эшитувимизга қараганда, бу сентябрдан сўнгра бу пул ҳам берилмайди. Дармштадтда Туркистондан ёлғизман. Ҳозир ёз таътилидир. Фақат бу ёз таътили меним учун эмас. Чунки мактаб таътили бўлган бўлса ҳам мен хусусий лабораторияда бутун кун ишламоқдаман. Ҳозир ўқувчимизни битириб олишимиз учун қўлинда асир бўлдиғимиз «олтун»дан ИншааАллоҳ яқин фурсатда олмоғимизни олармиз. У олтин касб этдиғингиз илм соясинда биз ҳам асир этармиз, қараб турсин! Зотан кеча кунларда бу иш бир биз дафъа ўларди.

Эшитишимча, ширкатингиз ишламайдир, шундайми? Бизнинг ёшларнинг тоза сабри туганди. Ҳақиқатан уларга кўп зулм бўлди. Бу юзадан ҳар доим виждоний азоб туяман. Фақат қандай қилурмиз? Бошқа чорамиз ўлса қанийди? Толибжон акамга, Салимхон, Асадуллахона ва севикли шоиримиз Чўлпона, қардошларимиза юракдан саломлар! Ортиқ жонингиз учун дуо идарам.

Буюк эҳтиром ила инингиз, Собир Иброҳим