1 август куни президент топшириғи билан Рақобат қўмитаси ва Бош прокуратурага «метан нархининг юқори чегарасини» бекор қилиш ва бозорни эркинлаштириш буюрилганди. Қўмита 2 август куни газ шохобчаларида тезкор мониторинг ўтказди.

Қўмита мониторинги республиканинг 1450 та газ тўлдириш шохобчаларида бўлди. Натижаларга кўра, уларнинг 71 фоизи — 1064 та ҳолатда метан газининг чакана нархи 3750 сўм ҳолатда сақланиб қолган. 25 фоизи — 370 та ҳолатда эса нархлар 3800−3950 сўмгача (+200 сўм) кўтарилган. Қолган 4 фоизда АГТКШлар иш фаолиятида бўлмаган.

«Бугунги кунда метан гази нархларининг кескин ошишига сабаб бўлувчи омиллар мавжуд эмас», — дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, пропан гази нархлари 20 фоиз ҳолатда — 5500 сўмни, 65 фоизида — 5500−6000 сўмни, 5 фоизида — 6500 сўмни кўрсатган.

Рақобат қўмитаси шохобчалар ўзаро келишиб ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш орқали нархларни асоссиз оширса, уларга нисбатан нархларни тушириш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилиши ҳамда молиявий жарималар қўлланиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Қўмита ҳозирда биржа савдоларида пропан маҳсулотининг нархларига таъсир этувчи омилларни ўрганмоқда. Ишлаб чиқарувчилар томонидан нарх манипуляциялари ва бошқа рақобатга зид ҳаракатлар аниқланса, уларга нисбатан таъсирчан ҳуқуқий чоралар қўлланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хабар қилинганидек, бош вазир Абдулла Арипов йиғилишда метан нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинишини маълум қилди. Энди нон ва ғалла нархларини эркинлаштиришда бўлгани каби, бу соҳада ҳам нархларни рақобат асосида барқарорлаштириш чоралари кўрилади, давлат бу соҳада нарх белгилашга аралашмайди.