1 август куни Анқарада Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди, бу воқеа «тарихий» дея аталди. Жараён Туркия Миллий разведка ташкилоти воситачилигида Эсенбоға аэропортида содир бўлди. Алмашинувда Россия, Беларусь, АҚШ, Германия, Польша, Словения ва Норвегия вакиллари иштирок этган. Жами 26 киши алмашилди: 10 киши Россияга, 13 киши Германияга, 3 киши АҚШга юборилди.

Россия Ғарбга кимларни топширди (16 киши)?

  • Эван Гершкович (The Wall Street Journal мухбири);
  • Пол Уилан (АҚШнинг собиқ ҳарбий хизматчиси);
  • Алсу Курмашева («Озодлик радиоси» журналисти);
  • Владимир Кара-Мурза (сиёсатчи);
  • Андрей Пивоваров (сиёсатчи ва «Откритой России» собиқ директори);
  • Илья Яшин (мухолифатчи сиёсатчи);
  • Саша Скочиленко (рассом);
  • Ксения Фадеева (Навальнийнинг Томскдаги штаб-квартираси собиқ раҳбари);
  • Лилия Чанишева (Алексей Навальнийнинг Уфадаги штаб-квартираси собиқ раҳбари);
  • Вадим Останин (Навальнийнинг Барнаулдаги штаб-квартираси собиқ раҳбари);
  • Олег Орлов («Мемориал» марказининг собиқ ҳамраиси);
  • Кевин Лик (19 ёш, давлатга хиёнатда айбланган);
  • Герман Мойжес (велоактивист).

Бундан ташқари, Беларусда ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригер ҳам озодликка чиқди. Ҳукмдан кейин у Александр Лукашенконинг қарори билан афв этилган.

Айирбошлаш рўйхатига, шунингдек, Патрик Шебель (Германия фуқароси, гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланмоқда) ва сиёсатшунос Дитер Воронин (у журналист Иван Сафронов иши эпизодларидан бирига алоқадор) ҳам киритилган, уларнинг шахси расман тасдиқланмаган.

Ғарб Россияга кимларни топширди (10 киши)?

  • Вадим Красиков (Германияда қотилликда айбланиб судланган);
  • Артём Дульцев (Словенияда жосуслик иши бўйича судланган);
  • Анна Дульцева (Словенияда жосуслик иши бўйича судланган);
  • Михаил Микушин (Норвегия ҳукумати томонидан жосусликда айбланмоқда);
  • Павел Рубцов (Россия Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи Бош разведка бошқармасининг эҳтимолий агенти);
  • Роман Селезнев (АҚШда банк карталари маълумотларини ўғирлагани учун 27 йилга қамалган);
  • Владислав Клюшин (компьютер тармоқларини бузишда айбланиб, АҚШда судланган);
  • Вадим Коношенок (ФХХ — Федерал хавфсизлик хизматининг эҳтимолий агенти).

Артём ва Анна Дульцевларнинг икки фарзанди бор — улар ота-оналари билан Россияга кетди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати маҳбуслар алмашинувини тасдиқлади:

«Россия махсус хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар маркази россияликлар „Россия Федерацияси хавфсизлигига зарар етказган ҳолда хорижий давлатлар манфаатлари йўлида ҳаракат қилган шахслар гуруҳига“ алмаштирилганини маълум қилди. Кремль сайтида Владимир Путиннинг айирбошлаш натижасида озод қилинган маҳбусларни афв этиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди».

Владимир Путин Внуково аэропортида алмашинув натижасида Россияга қайтганларни кутиб олди, дея хабар берди Кремль матбуот хизмати.

«Аввало, барчангизни ватанга қайтганингиз билан табриклайман. Ҳозир орангиздаги ҳарбий хизматга бевосита алоқаси бор кишиларга мурожаат қилмоқчиман. Қасамёдингиз, бурчингиз ва сизни бир дақиқа ҳам унутмаган ватанга содиқлигингиз учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Ҳаммангиз давлат мукофотлари билан тақдирланасиз. Сиз билан яна кўришамиз, келажагингиз ҳақида гаплашамиз. Ҳозир эса сизни уйга қайтганингиз билан табрикламоқчиман», — деди у.

АҚШ президенти Жо Байден маҳбуслар алмашинуви бўйича баёнот берди.

«Ушбу аёл ва эркакларнинг айримлари кўп йиллар давомида ноҳақ қамоқда сақланган. Уларнинг барчаси ақл бовар қилмас азоб-уқубатларни ва номаълумликни бошдан кечирди. Бугун уларнинг азоб-уқубатлари тугади» — деди Байден. У «оғир ва мураккаб музокаралар» давомида АҚШни қўллаб-қувватлаган иттифоқчиларга миннатдорлик билдирди. АҚШ президенти бунда Германия, Польша, Словения, Норвегия ва Туркияни назарда тутди.

Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис ҳам ортга қайтарилган америкаликларни аэропортда кутиб олди.

Германия канцлери Олаф Шольц Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида маҳбуслар алмашинувидан сўнг АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқот қилганини билдирди.

Шу билан бирга, канцлернинг қўшимча қилишича, бир неча ой давомида Германия ҳукумати Россиядаги маҳбусларни алмаштириш бўйича ечим топиш учун Қўшма Штатлар билан яқин ҳамкорликда ишлаган.

Марҳум Алексей Навальнийнинг аёли Юлия Навальная барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди:

«Улкан, жуда узоқ ва машаққатли иш, бир неча йил давом этган музокаралар, февраль, ҳаммани қутқаришга бўлган янги уринишлар. Мана шу одамларнинг ҳаммаси озодликда. Бу — катта бахт!

Озод қилинган ҳар бир сиёсий маҳбус — улкан ғалаба ва қувонч. Ҳеч ким Путиннинг гаровида қолмаслиги, қийноққа солинмаслиги ва Путин қамоқхонасида ўлмаслиги керак.

Биз ҳали кўп курашишимиз керак: Даниэль Холодный, Вадим Кобзев, Алексей Липцер, Игорь Сергунин. Уларни озод қилиш учун бор кучимизни ишга соламиз. Барча сиёсий маҳбусларга озодлик!»