«Газета.uz» нашрига ўқувчидан Тошкент шаҳридаги Тарас Шевченко кўчаси реконструкцияси вақтида дарахт илдизи қўпорилгани ҳақида хабар келиб тушди. Ўқувчи томонидан юборилган видеода экскаватор ковши игнабаргли ёш дарахтни ердан суғуриб олаётганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, баъзи жойларда экскаватор тупроқни дарахт танасига яқин жойдан чопгани сезилади, бу илдиз тизимини зарарлаши мумкин.

Таҳририят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига бир қанча саволлар билан мурожаат қилди, хусусан — гастрономик кўчага айлантириш режалаштирилган Шевченко кўчасини реконструкция қилиш режаси экологлар билан келишилганми ёки йўқми?

Вазирлик экология инспекторлари аллақачон воқеа жойида ишлаётганини айтди ва яқин кунларда батафсил жавоб беришни ваъда қилди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Миробод тумани ҳокимлиги эълон қилган хабардан тасдиқланадики, экология инспекторлари қурувчилар эҳтиётсизлик туфайли дарахтларнинг илдизларига шикаст етказганини аниқлаган.

Шу билан бирга, туман ҳокимлиги «сентябрь ойида қуриб битказилиши режалаштирилаётган ушбу гастрономик кўчада тасдиқланган лойиҳа бўйича кўплаб манзарали дарахт кўчатлари экилиши ва суғориш тизими ўрнатилиши»ни маълум қилди.

Миробод тумани ҳокимлигининг «Газета.uz»га билдиришича, ҳозирда уларнинг ҳолатини назоратга олиш мақсадида кўчадаги дарахтлар ҳисобланмоқда. Яшил майдонларга зарар етказган ижрочилар жаримага тортилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Тошкент шаҳридаги Тарас Шевченко кўчасининг бир қисмини гастрономик кўчага айлантириш режалаштирилаётгани маълум бўлган эди. Янги ёритиш тизими, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, болалар майдончалари ўрнатиш режалаштирилган.