Туркия Технологиялар ва коммуникациялар кенгаши (ТКК) мамлакатда Instagram ижтимоий тармоғига киришни блоклади, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги ташкилот қарорига таяниб. Блоклашнинг сабаблари ва муддати кўрсатилмаган.

Бу қарор Instagram туркиялик фойдаланувчиларнинг ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган постларини ўчириб ташлагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Туркия президенти маъмуриятининг алоқа бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун платформанинг ҳаракатларини қоралаб, уларни «цензурага жуда аниқ ва равшан уриниш» деб атади.

Туркиянинг Daily Sabah нашрининг ТККдаги манбага таяниб ёзишича, киришнинг чекланиши Instagram`даги замонавий Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатуркни ҳақоратловчи постлар, шунингдек, жиноий контент билан боғлиқ. Газета суҳбатдошига кўра, «муаммони ҳал қилмагунича» хизмат блокда бўлади.

Instagram`га эгалик қилувчи Meta компанияси ҳали Туркияда ижтимоий тармоқ блокланганига изоҳ бермади. «Газета.uz»нинг Истанбулдаги суҳбатдоши 2 август эрталабдан Instagram ишламай қолганини тасдиқлади.

AP`нинг қайд этишича, Туркияда 85 миллионлик аҳолининг 50 миллиондан ортиғи Instagram`дан фойдаланади. Ғарбдаги иттифоқчиларидан фарқли равишда, Туркия ҲАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисобламайди, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған эса Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини фаол танқид қилади, дея аниқлик киритди агентлик.

Истанбул мэри ва Туркиянинг асосий мухолифат партияси аъзоси Экрем Имомўғлу Instagram`ни блоклаш қарорини қоралади.

«Ижтимоий тармоқлар — ҳар бир инсон кўп мақсадларда, жумладан, савдо ва алоқа учун фойдаланадиган платформа. Бутун мамлакат ишлатадиган платформанинг бир кунда ўзбошимчалик билан блокланиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат», — деб ёзади Имомоғлу Х тармоғида.

  • ҲАМАСнинг сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания бир неча кун олдин Эроннинг янги президенти инаугурацияси учун Теҳронга борганида ўлдирилганди. ХАМАСнинг маълум қилишича, Ҳания Исроилнинг у тўхтаган қароргоҳга берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлган.