Урганч халқаро аэропорти белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатидан аввалроқ якунлангани боис икки кун аввалроқ очилади, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Аэропорт 5 август куни соат 11:00 да ўз фаолиятини тиклайди.

Ўтган даврда узунлиги 3000 метр ва эни 45 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қопламаси алмаштирилган ва мустаҳкамланган, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланган.

«Бу аэропортга Boeing 787 ва Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қилиш ва ўз навбатида Урганчга рейслар сони ва йўловчилар оқимини кўпайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини таъмирлаш ишлари сабабли 20 июль куни ўз фаолиятини вақтинча тўхтатганди. Реконструкция даврида барча рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилган ва барча йўловчилар Нукус аэропортигача транспорт билан таъминланган.