Ўзбекистон президенти ҳузурида Иқлим кенгаши тузилади. Давлат раҳбари бу ҳақдаги фармонни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Кенгаш иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари бўйича президент ҳузуридаги энг юқори маслаҳат органи этиб белгиланган.

Кенгашнинг асосий вазифалари қаторида БМТнинг 1992 йилдаги Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва конвенсия ижросини кучайтириш мақсадида қабул қилинган 2015 йилги Париж битимидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг Ўзбекистон томонидан бажарилишини мониторинг қилиш киради.

Фармонга кўра, Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази Иқлим ўзгариши миллий маркази (Иқлим маркази) деб қайта номланди.

Мамлакатда илмий ва академик салоҳиятни ошириш ҳамда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) Иқлим илмий форуми (резиденцияси) (Иқлим резиденцияси) ташкил этилади.