Сўнгги 1 ойда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар оқибатида давлат манфаатларига 234 млрд 778 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланди, деб хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция».

Июль ойида ўтказилган назорат тадбирларида 801 та ҳолатда истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Бунда 115 млрд 213 млн сўмлик электр (169 млн 492 минг киловатт-соат) ва 119 млрд 564 млн сўмлик табиий газ (53 млн 552 минг метр куб) талон-торож қилинган.

Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 304 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Хусусан, 412 та ҳолатда электр энергияси, 63 та ҳолатда эса табиий газдан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дастлабки 6 ойда 550 млрд 290 млн сўмлик газ ва электрдан ноқонуний фойдаланилган.