Ўзбекистон World Justice Project халқаро нодавлат ташкилоти томонидан тузилган Ҳуқуқ устуворлиги индексида 2023 йил сарҳисоби бўйича 142 та давлат орасида 78-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Индексни тузишда дунё бўйлаб 150 мингдан ортиқ уй хўжалиги ва 4 мингга яқин ҳуқуқшунос ўртасида сўровлар ўтказилган ҳамда қонунийлик даражаси баҳоланган.

Индекс 8 та индикаторни, жумладан, «Ҳокимият ваколатларининг чеклангани», «Коррупциядан холилик», «Давлат институтлари фаолиятининг очиқлиги (шаффофлиги)», «Асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш», «Тартиб ва хавфсизлик», «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш», «Фуқаролик ва жиноий одил судлов» кабиларни ўз ичига олади.

ҳуқуқ устуворлиги, ҳуқуқ устуворлиги индекси

ҳуқуқ устуворлиги, ҳуқуқ устуворлиги индекси

Мазкур индексда Ўзбекистонга берилган баҳо мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият орасида ижобий имижини шакллантиришда муҳим омил ҳисобланади, дейилади хабарда.

Июль ойи охирида Адлия вазирлиги Ўзбекистон 2016 йилдан 2023 йилга қадар ҳуқуқ устуворлиги энг тез яхшиланган давлатлар орасида 8,9 фоиз ўсиш кўрсаткичи билан биринчи ўринни эгаллагани ҳақидап маълумот берганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Ҳуқуқ устуворлиги индексида 85-ўринни эгаллаганди. 2022 йилда эса мамлакат 2023 йилда бўлгани каби 78-ўринда қайд этилган. Бошқа йиллар: 2020 — 92-ўрин, 2019 — 94-ўрин, 2017−2018 — 91-ўрин, 2016 — 93-ўрин, 2015 — 81-ўрин.