Ёзги Париж Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси рингга чиқишга улгурди. «Газета.uz» уларнинг натижалари ва қайси босқичга етгани ҳақида маълумот беради.

Енгил вазн тоифасида (-51 кг) рингга чиққан Ҳасанбой Дўсматов ярим финалга йўл олган. 3 августга ўтар кечаси у чорак финалдаги рақиби — қозоғистонлик Сакен Бибоссиновни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Унинг кейинги жанги 4 август куни Кабо-Верде вакили Давид Де Пинага қарши бўлиб ўтади.

-50 кг (аёллар): Илк баҳсини -50 кг вазнда Жаҳон чемпионати совриндори, таиландлик Чутҳамат Раксатга қарши ўтказган Сабина Бобоқулова ҳакамлар қарорига кўра имкониятни бой берди ва мусобақа билан эрта хайрлашди (жанг видеоси).

-54 кг (аёллар): Нигина Ўктамова Олимпиададаги иштирокини нимчорак финалда якунлади. Беллашувда у КХДР вакиласи Чолми Панга мағлуб бўлди.

-57 кг: Яна бир тажрибали боксчи Абдумалик Халоков эса ҳозир чорак финалда, жанг 3 август куни бўлиб ўтади. Боксчи илк жангини швециялик Небил Иброҳимга қарши олиб борди ва ортиқча қийинчиликсиз 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жанг видеоси:

-57 кг (аёллар): Париж Олимпиадасида омадли юриш бошлаган Ситора Турдибекова илк баҳсида конголик Марселат Сакоби Матшуни 3:2 ҳисобида енгди. 1/16 саралаш босқичида Хитой Таипейи вакили Лин Ю Тингга қарши жангда Ситора мардонавор жанг қилиб, мағлубиятга учради ва мусобақадаги иштирокини якунлади.

-63,5 кг: 20 ёшли Руслан Абдуллаев Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади. У чорак финалда канадалик Уайт Стенфорд билан жанг қилди ва имкониятни бой берди. Руслан нимчорак финалда мексикалик Мигель Рамиресни 5:0 ҳисобида мағлуб этганди. Чорак финал жанги видеоси:

-66 кг (аёллар): Навбаҳор Ҳамидова чорак финалга йўл олган, жанг 3 августда бўлади. -66 кг вазнда Олимпиададаги илк баҳсида Навбаҳор АҚШ боксчиси Морелле Маккейнга қарши рингга кўтарилди ва 3:2 ҳисобида ғолиб бўлди.

-71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳам Олимпиададаги юришини омадли давом эттирмоқда. 23 ёшли боксчи 1/8 финалда Африка саралаш турнири ғолиби 24 ёшли Омар Элавадйни мағлуб этди — 5:0. У 3 август куни чорак финалда Дания вакили, 2023 йилги Европа ўйинлари ва ёшлар ўртасидаги Европа чемпионати ғолиби 23 ёшли арман боксчи Николай Тертерян билан ярим финал йўлланмаси учун жанг қилади.

-80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам Олимпиадани чорак финалда тарк этди. Ёш боксчи тенг курашлар остида ўтган жангда кубалик 2 карра Олимпиада ўйинлари ғолиби Арлен Лопез Кардонага мағлуб бўлди. Жанг видеоси:

-92 кг: Лазизбек Мулложонов Ўзбекистон учун камида бронза медални нақд қилди. У чорак финал жангида бразилиялик Кено Машадони 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Кейинги баҳс 4 август куни бўлади.

+92 кг: Токио Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов бу сафар ҳам медалларга жуда яқин келмоқда. Оғир вазн тоифасида жангга чиққан боксчи чорак финалда австралиялик Теремоана Жуниорни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ярим финал баҳси 7 август куни германиялик Нелвие Тиафакга қарши бўлиб ўтади.