Иқтисодчи, Нью-Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида нима учун баъзида Сингапур «иқтисодий мўъжизаси» сабаблари хато талқин қилиниши ҳақида гапириб ўтди.

«Сингапурнинг ривожлангани ҳақида ёки уларнинг собиқ бош вазири Ли Куан Юнинг гапи билан айтганда, қандай қилиб „учинчи дунёдан биринчи дунёга келиб қолгани“ ҳақида Ли Куан Юнинг ўзи ва бошқа одамлар томонидан китоблар ёзилган. Унинг китобидаги нарратив ҳозирги замонда доминант бўлиб қолган», — дейди у.

Иқтисодчининг таъкидлашича, ҳаётдаги кўп воқеаларда мавжуд вазият қандай бўлгани эмас, унинг қандай ёзилгани, ким томонидан ёзилгани асосий нарратив бўлиб қолади. Дунёда турли тарихий жараёнлар ҳақида турлича нарративлар мавжуд.

«Албатта, Сингапур собиқ бош вазири, унинг People’s Action Party, яъни инсонлар ҳаракати партияси кўп ислоҳотлар қилган, кўп тўғри ишлар қилган, жуда изчил ва яхши ишлашган. Лекин, масалан, китобни ўқисангиз [Ли Куан Юнинг „Учинчи дунёдан биринчи дунёга“ китоби назарда тутилмоқда — таҳририят], сизда шундай бир таассурот уйғониб қолиши мумкинки, ўша иқтисодий ривожланишни қандайдир маънода бош вазирнинг столида яратишган, Сингапурдаги ҳар бир жараён қўлда тузилгандек туюлади. Шунингдек, барча жараёнлар бир-бирига уланиб кетгандек туюлади», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

У ўз фикрини тушунтириш учун Стив Жобснинг Стенфорд университети битирувчилари олдида қилган маърузасидаги фикрларини мисол қилиб келтирди. Бу маърузада Стив Жобс университет талабаларига ўзининг ҳаёт йўли ҳақида гапириб беради ва ҳаётнинг кўп нуқталарини фақат орқага қараб боғласа бўлади, олдинга қараб боғлаш мумкин эмас дейди. Ўшанда унинг аргументи қуйидагича эди: Мен каллиграфия ўқиганман, кейин эса Apple компьютерларидаги каллиграфияни киритганман, кейин уни Microsoft олган, шунинг учун бизда турлича шрифтлар бор, лекин ўша вақтда каллиграфия ўқиётганимда кейинчалик компьютерда менга ёрдам бўлиши ҳақида ўйламаганман, фақат ҳозир ортга қараб туриб воқеаларни боғлайман.

Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, худди шу каби инсон эмас, мамлакатларнинг ривожланиш тарихи ҳақида ҳам шундай нарратив бўлиб қолиши мумкин. Мамлакатлар муваффақиятга эришганда, қачондир нимадир қилганини муваффақият омили сифатида кўрсатиш каби хато фикрлаш мавжуд, худди барчаси бир онгли равишда қилинган, мантиқий ва узвий бир ғоя бўлгандек туюлади.

«Қандайдир муваффақиятга эришган инсон бўлса „у эрталаб шуғулланарди, шунинг учун бойиб кетган“ каби нарративлар кўп. Мамлакатлар ҳам бундан истисно эмас. Ли Куан Юнинг китобида шу нарратив бор экани ва уни кўпчилик ҳақиқатдек қабул қилгани учун ёзгандим. Ва айнан нима ҳақида гапиргандим, масалан, Сингапурда Иқтисодий ривожланиш қўмитаси деган ташкилот бор, у ерга борсангиз сизга экскурсия қилиб беришади. У экскурсияда эса сизга мана порт бор, бу портни жаноб бош вазир ишга туширди, шу портни деб савдо очилди, турли нарсалар бўлди, кейин яна нимадир қилдик, Журонгда саноат парки қурдик ва ҳоказо дейишади», — дейди иқтисодчи.

Унинг айтишича, юқоридаги каби ҳолатларга қарамай, Сингапур тарихини ўқисангиз, шу мамлакатнинг ўз газеталари Журонгдаги саноат парки нечадир йил у ерда иш бошлаш учун биронта ҳам корхонани топа олмагани ҳақида ёзган. Бундай нарсалар эса узвий тарихдан тушириб қолдирилади. Муваффақият эса «мана шунга кўзимиз етган эди» қабилида талқин қилинади.

«Менинг наздимда Сингапурда кўп ишлар қилинган ва тўғри қилинган. Шу жумладан, бозор иқтисодиёти учун қилинган. Бозор иқтисодиёти ресурсларни тўғри тақсимлаши оқибати шу нарса бўлган. Масалан, барча импорт божлари ноль бўлган. Масалан, Сингапур ҳаво йўллари ва аэропорти ўртасида низо келиб чиқади, чунки аэропорт бошқа рейсларни арзонга қўйса, Сингапур ҳаво йўлларининг даромадлари камаяди ва одамлар ишсиз қолади, ва ҳоказо. Ўша вазиятда Ли Куан Ю „менда мамлакат миқёсида аэропорт ва қандайдир корхонани сақлаб қолиш дилеммаси бор эди ва мен мамлакат томонини танладим“ дейди. Шундай нарсаларда интуитив тўғри фикрлар ҳам қилган», — дейди Беҳзод Ҳошимов.

Лекин булар орқали кимдадир мамлакат ривожланиши учун миллий авиакомпания керак ёки қандайдир саноат парки керак деган фикр пайдо бўлиши мумкин.

«Мен Сингапур уларсиз ҳам, ёки уларга қарамасдан ҳам ривожланган, демоқчи бўлгандим. Улар мамлакат ривожланишини тезлаштирганми, ёки бунга тўсқинлик қилганми, ҳали аниқ эмас. Юқорида айтганимдек, қандайдир бой одам пулини нотўғри тақсимлаб, ортиқча харажат қилса, бунга қарамасдан туриб шуни ўзига эп кўра олиши мумкин. Лекин бу шундай қилсак биз ҳам бойиб кетамиз деган фикрга олиб келиши мумкин», — дея фикрини якунлади иқтисодчи.

Интервьюни тўлиқ қуйидаги қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин.